08:52 / 20.04.2018
5572

Қирғизистонда бугун ҳукуматнинг янги таркиби тайинланиши мумкин

Фото: TACC

Қирғизистон парламенти бугун вазирлар маҳкамасининг янги таркибини тайинлаш тўғрисидаги масаласини муҳокама этиш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда ТАСС парламент матбуот хизматига асосан хабар бермоқда.

"Навбатдан ташқари йиғилиш спикер Достонбек Жумабеков томонидан чиқарилган қарор асосида чақирилади", - дея маълум қилишган матбуот хизматидан. Хизмат ходимлари сўзларига кўра, кун тартибига “ҳукумат таркиби, дастури ва тузилмасини тасдиқлаш тўғрисидаги” масалалар киритилган. Қирғизистон қонунчилигига кўра, вазирлар маҳкамаси раҳбари лавозимига номзод ҳукумат таркиби ва тузилмаси лойиҳасини депутатлар кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Аввалроқ Қирғизистон парламентидаги кўпчилик коалицияси президент аппарати раҳбари Муҳаммадкалий Абулғозиев номзодини ҳукумат раҳбари лавозимига таклиф этганди.

Республика парламентида ҳукмрон коалицияга Социал-демократик партия ва “Республика – Ата Журт”, “Бир Бўл”, “Қирғизистон” партиялари фракцияси киради. Уларга 120 депутатлик мандатидан 96таси тегишли. Мухолифатдан эса "Ата Мекен" ҳамда "Онугуу- Прогресс" фракциялари бор.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков Сапар Исоқов ҳукуматининг истеъфоси тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, бош вазир, бош вазир ўринбосарлари лавозимини эгаллаб турган шахслар, ҳукумат аъзолари янги вазирлар маҳкамаси шакллантирилгунга қадар истеъфога чиқади. Президент фармони дарҳол кучга кирди.

Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутатлари бош вазир Сапар Исоқов бошчилигидаги ҳукуматга ишончсизлик вотуми билдирганди. Парламент йиғилиши вақтида 101 нафар депутат 2017 йил августида тайинланган ҳукуматга ишончсизлик билдирган, фақат 5 киши жорий ҳукуматни ёқлаган.

 

Top