Жамият | 03:17 / 20.04.2018
16387
3 дақиқада ўқилади

Судланувчилар Ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод қилинди

2018 йил 19 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида коллеж талабалари: судланувчилар Р.Эргашев, Х.Икрамов, Б.Раҳманқулов ва Ж.Отоёровларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд мажлиси судья А.Эргашев раислигида бўлиб ўтди.

Судланувчи Ж.Отаёров 2017 йил 31 декабрь куни ўзининг жиноий шериклари - Р.Эргашев, Х.Икрамов ва Б.Раҳманқуловлар билан тил бириктириб, Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирига ўзининг ясатиб олинган калити орқали ғайриқонуний равишда кирган. Жиноий гуруҳ хонадон эгаси, амакиси М.Н.га қарашли 76 миллион сўм пулни яширин равишда эгаллаб, воқеа жойидан яширинишган. 2018 йил 21 январь куни ИИБ ходимлари томонидан тезкор қидирувлар натижасида айбдорлар ушланган.

Суд иш бўйича жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини ва жабрланувчининг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини эътироф этиши ҳамда манфаатдор тарафларга судланувчидан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришни лозим топди.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди (ўғирлик) билан айбли, деб топилди. Суд барча ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида уларга нисбатан эҳтиёт чорасини бекор қилди ва суд мажлиси залида қамоқдан озод қилди.

Жарима жазоси тайинланган Ҳ.Икрамовдан ташқари бошқа судланувчиларга 2 йил 9 ой 25 кунга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Улар куннинг маълум вақтида уйдан чиқмаслик, таълим муассасасини тугатиш, ишга жойлашиш, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш ва иш жойларини ўзгартирмаслик, Республика ҳудудидан чиқмаслик, жиноятга мойиллиги бўлган шахслар билан алоқа қилмаслик, алкогол ичимликлар, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилмаслик мажбуриятларини олишди. Ўз ўрнида суд залидан озод қилинган ёшлар бор куч ва меҳнатини оила ҳамда жамиятга хизмат қилиш учун сарфлашларини билдиришди.