Россия чемпионати тугашига 4 тур қолди. Ҳафта ўртасидаги ўйинлар, айниқса, Россия кубоги ярим финалларидан бири еврокубоклардаги жамоалар ўрнини белгилаб берди. Қўйида, ушбу чемпионатдаги мана шу масаладаги асосий интригалар ҳақида маълумот берилади.
Еврокубокларда ким қатнашади?
Аввало айтиш керакки, Россия Премьер Лигаси Европа рейтингида 6-ўринда бормоқда ва янги мавсумда ЕЧЛ да уч, Европа Лигасида уч жамоа билан қатнаша олади. Олти жамоадан бештаси маълум: "Локомотив", "Спартак", ЦСКА, "Зенит" ва "Краснодар" жамоалари кучли бешликдаги ўринларини нақд қилиб улгуришган.

Агар "Спартак" Россия кубогида ғалаба қозонганида, Европа Лигасидаги бир ўрин лигада 6-ўринни олган жамоага тегар эди. Аммо бундай бўлмади ва энди Россия кубоги финалида "Тосно" ва "Авангард" жамоалари куч синашадилар. Демак, бу жамоалардан бири кубок ғолиби сифатида Европа Лигасига йўлланмани қўлга киритади.
Ўз ўзидан, олтинчи ўрин учун курашаётган "Арсенал" ва "Уфа" жамоалари еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб улгуришди. Ҳозирда улар 5-ўриндаги "Краснодар"дан 12 очко орқада боришмоқда. Агар кейинги турларда "Краснодар" фақат мағлубиятга учраб, бу жамоалар юз фоизлик натижа қайд этган тақдирда ҳам, очколар сони тенг бўлиб қолади. Чемпионат регламентига кўра, бундай ҳолатларда энг биринчи бўлиб, ўзаро ўйинларга қаралади. "Арсенал" ва "Краснодар" ўртасидаги ўзаро ўйинларда краснодарликларнинг устунлиги бор."Уфа" эса, бу борада тенглик қайд этган бўлса-да, кейинги кўрсаткич, ғалабалар сони бўйича анча орқада - 9 га 14.
Чемпионлик учун "Локомотив" яна қанча очко олиши керак?
Пешқадам кейинги турларда, 4 ўйинда 6 очко жамғарса, расман чемпионга айланади. Яъни икки ўйинни ютиб, иккитасида мағлубиятга учраса ҳам ҳеч ким уларга етиб ололмайди. Фақат очколар сони бўйича "Спартак" тенглашиши мумкин, аммо бу ерда ҳам ўзаро ўйинлар "темирйўлчилар" жонига оро киради. Биринчи даврадаги ўйинда "Локомотив" 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган, иккинчи ўйинда эса дуранг қайд этилди.

"Локомотив"нинг кейинги ўйинлари у қадар осон эмаслигини ҳам таъкидлаш керак. Барча рақиблар юқорида тилга олинган кучли олтиликка яқин ё унинг ичидаги жамоалар. Аввалига, "Локомотив" ўз уйида "Уфа"ни қабул қилади. Кейин эса Краснодарга сафар қилади. Ундан кейинги учрашув яна Москвада "Зенит" га қарши кеча, сўнгги турда "Локомотив" "Арсенал" меҳмони бўлади.
















