Жаҳон | 12:20 / 22.04.2018
13621
3 дақиқада ўқилади

Саргсян мухолифат билан музокара учун келди, аммо мулоқот давомида уни тарк этди

© РИА Новости / Алексей Витвицкий

Арманистон мухолифати етакчиси, парламент депутати Никола Пашинян ва мамлакатнинг янги бош вазири Серж Саргсян ўртасида ўтказилиши режалаштирилган музокара ўтказилмади - томонлар дастлабки мулоқот чоғида келишувга эриша олмаган.

«Менинг ўзаро мулоқот борасидаги кўплаб таклифларимга муносабат билдирганингиздан хурсандман. Ўнлаб журналистлар иштирокида қандай музокаралар бўлишини тасаввур қила олмасамда, хурсандман», деган Саргсян.

Бунга жавобан Пашинян шундай деган: «Тушунмовчилик мавжуд, мен ахир ўз позициямни аниқ билдирганманку? Гап мулоқот ҳақида эмас, кун тартиби ҳақида кетмоқда. Мен бу ерга сизнинг истеъфога чиқишингизни ва ҳокимиятни муаммосиз топширишингизни талаб қилиб келганман».

«Унда бу музокара эмас, бу мулоқот эмас, бу давлатга, қонуний ҳукуматга шантаж қилишдир. Сиз масъулиятсизлик қилмоқдасиз, 1 март воқеаларидан сабоқ чиқармаган кўринасиз (2008 йилдаги президентлик сайловларидан кейинги намойишлар назарда тутилмоқда - Интерфакс». Ме яна бир бор сизга маслаҳат бераман, қонуний майдонга қайтинг ва мантиқ доирасида ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, барча жавобгарлик сизнинг зиммангизга тушади. Танланг», деган Арманистон бош вазири.

Ўз навбатида Пашинян ҳеч ким унга ультиматум оҳангида гапиришга ҳақли эмаслигини маълум қилган.

«Сиз мамлакатда юзага келган вазиятни тасаввур ҳам қила олмаяпсиз. Сизга айтишмаган кўринади. Вазият ўзгарган. Сиз энди ҳокимиятга эга эмассиз. Ҳокимият халқ қўлига ўтди», дея қайд этган у.

Бунга эса Саргсян парламент сайловларида атиги 7-8 фоиз овоз олган сиёсий кучлар халқ номидан гапиришга ҳақли эмаслиги билан жавоб қайтарган.

«Мен сиз билан гаплашишни истамайман», деган у ва музокара ўтказиш учун мўлжалланган Еревандаги «Мариот» меҳмонхонасини тарк этган.

Шундан сўнг, Никол Пашинян ўз тарафдорларини намойишларни давом эттиришга чақирган.

«Биз икки карра куч билан итоатсизлик акцияларини давом эттирамиз. Барчангиз кўрдингиз, Саргсян холислик ҳиссини йўқотибди, у ўзгармас экан, вазият ҳам шундайлигича қолади. Барчани фуқаролик итоатсизлиги акцияларини икки баробар ортиқ куч билан давом эттиришга чақираман», деган Пашинян журналистлар қаршисида.

Арманистон пойтахтида 13 апрель кунидан буён мухолифат тарафдорлари норозилик намойишлари ўтказиб келишмоқда. Улар собиқ президент Серж Саргсян бош вазирлик лавозимига сайланганига қарши чиқишмоқда. 

Мавзуга оид