16:06 / 23.04.2018
3983

Ташқи савдо вазири бизнес доираларни Ўзбекистоннинг ташқи савдо майдонларидан фаол фойдаланишга чақирди

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги расмий делегацияси Покистон Ислом Республикаси (ПИР)га ташрифини якунлади. Делегация Федерал қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги, Молия ва иқтисодий муносабатлар вазирлиги, Покистон ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек Коммерция ва тўқимачилик саноати вазирлигида қатор музокаралар ўтказди. Музокаралар якунига кўра, турли соҳларда келишувларга эришилди. Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати KUN.UZ'га шу ҳақида хабар берди.

Федерал қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар чоғида вазир С.Босан Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик техникасининг юқори сифатига шахсан ишонч ҳосил қилганини таъкидлади.

"Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар техникаси Европа муқобилларидан ҳеч ҳам кам эмас, боз устига уларнинг баҳоси бизни кўпроқ жалб қилади. Бугунга келиб Покистоннинг тракторларга бўлган эҳтиёжининг ўзиёқ йилига 20 минг донани ташкил қилишини инобатга оладиган бўлсак, биз Ўзбекистон техникаси етказиб берилишидан ва Покистон ҳудудида йиғиш механизмини ташкиллаштиришдан манфаатдормиз", - деди ПИР федерал қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси ташаббуси билан томонлар таҳлил ва божхона тўловларини қайта кўриб чиқиш учун қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишиб олишди. Бундан ташқари, Покистон томон тез орада Панжоб вилояти ҳудудида қишлоқ хўжалик механизациясини ташкиллаштириш учун бор кучини сафарбар этишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек манфаатдор мамлакатлар билан ҳамкорликда транспорт йўлакчаларини ташкил қилишга тайёрлик билдирилди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар сертификация ва стандартизация соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги, шу жумладан икки мамлакат сертификатларининг ўзаро тан олинишини таъминлашга доир келишувларга эришишди.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Коммерция ва тўқимачилик саноати вазирлигида қатор келишувлар билан бир қаторда икки мамлакат бизнес доиралари учун виза жараёнларини соддалаштириш ва банклараро шартномаларни ишлаб чиқишга доир келишувларни қайд этиш мумкин.

Бундан ташқари, Исломобод шаҳрида ташриф доирасида Ўзбекистон-Покистон Бизнес кенгаши идорасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг савдо ва сармоявий салоҳияти намойиш қилинди. Шунингдек Ўзбекистон ва Покистон савдо-саноат палаталари вакиллари иштирокида икки бизнес форум ўтказилди. Унда Покистоннинг 170 дан ортиқ компанияси иштирок этди.

Фото: Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

         "Исломободдаги Ўзбекистон-Покистон Бизнес кенгаши яқинда Теҳронда очилган савдо уйи каби ўзбекистонлик ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган кўп сонли майдонлардан биридир. Бизнес майдонлари B2B форматидан самарали фойдаланиш имконини берувчи жиҳоз сифатида ташкил этилади. Шу боис мен ташқи савдо билан шуғулланувчи ёки эндигина шу соҳага киришни режалаштираётган барча ишбилармонларни ушбу кўп профилли платформалардан фаол фойдаланишга чақираман. Ишбилармонлар ўз маҳсулотлари намуналарини савдо уйларининг шоу-румларига бепул жойлашлари мумкин. Бу механизм ташқи бозорларга чиқишдан манфаатдор ишбилармон ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун қўлланади. Ишбилармонлар хорижий бизнес-платформалар билан боғлиқ барча масалалар бўйича вазирликнинг ташқи савдо компанияларига мурожаат қилишлари мумкин", - дейди ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев.

Покистон Ислом Республикаси билан ўтказилган музокаралар якунларига кўра, мамлакатнинг етакчи компаниялари билан 35,5 миллион долларлик инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга доир шартномалар имзоланди. Бу шартномалар фармацевтика, чарм маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва туристик соҳани ривожлантиришга йўналтирилган. Шунингдек Покистонга дуккакли ва қуритилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, тўқимачилик, нефть-кимё маҳсулотларини етказиб беришга доир 8,7 миллион долларлик келишувларга эришилди.

Ташқи савдо вазирлиги ташқи савдо компаниялари билан боғланиш маълумотлари

«Ўзтрейд» АЖ                                      

Телефон: +99871 238-97-10              

Email: marketing@uzte.uz                         

«Ўзсаноатэкспорт» АЖ

Телефон: +99871 238-54-45        

 Email: info@use.uz   

Top