Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Оқсулот, Сарка, Қоратери ва Хайрибува қишлоқлари аҳолисидан тушган мурожаатни ўрганиш учун Kun.uz сайёр гуруҳи ушбу туманга борди. Қишлоқлар аҳолиси мисли кўрилмаган, бироқ узоқ йиллардан буён ўзларини қийнаб келаётган муаммо юзасидан мурожаат қилмоқда. Ушбу қишлоқлар туманнинг Зарафшон дарёси соҳилларида жойлашган бўлиб, дарёнинг нариги қирғоғи Паст Дарғом туманига тегишли. Бу қишлоқларда салкам 850га яқин хўжалик, 10 мингдан ортиқ фуқаро истиқомат қилиб келади.
“Айни пайтда Оқсулотда 120, Саркада 130, Қоратерида 500, Хайрибувада 78 хўжалик жойлашган. Ушбу қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг умумий сони 10 мингдан ошади”, - дейди «Истиқлол» МФЙ раиси Музаффар Усмонов.
Қишлоқ оқсоқолларидан бири Абдумажид акага юзланамиз. “Қишлоқ аҳолисидан вафот этганлар сўнгги манзилга кузатиладиган қабристон Паст Дарғом тумани ҳудудидаги тепаликларда жойлашган. Қишлоқда бирор киши вафот этса, уни жамоат кўтариб, дарёдан ўтказиб, қўшни туман ҳудудидаги қабристонга элтишади. Албатта, ўлим пайт пойламайди. Бу кўргулик қишнинг қаҳратонида ҳам, дарёда сув кўпайган баҳорда ҳам рўй бериши мумкин”, - дея масала моҳиятига ойдинлик киритишга уринади Абдумажид ака.

Бу ўткинчи дунёга келган инсон борки, абадий қолмаган. Ўлим билан юзма-юз келган. Вафот этган кишини ҳурмат-эҳтиром билан муносиб жойга дафн қилиш барча авлодлар учун қадриятдир. Шу боисдан, қишлоқлар аҳли бу дунёни тарк қилган яқинларининг васиятларини адо этиш мақсадида дарёнинг нариги қирғоғида турган қабристонга маййитни олиб бориш учун машинада 60 км.га яқин йўл босиши керак бўлади.

«Қабристон учун қишлоқнинг ўзидан нега ер ажратишни сўрамадингиз? Келгунча, бир неча кичик қабристонларга кўзимиз тушди» деб савол берамиз. Улар ушбу ҳудудда сизот сувлари яқинлиги, тупроғи қумоқ бўлгани сабабли лаҳад кавлаб бўлмаслиги, маййитни тўғри ўрага қўйиш кераклиги, қумоқ тупроқли қабрни ҳайвонлар осонгина кавлаб ташлашини таъкидлашди. Ҳамсуҳбатларимизнинг айтишларича, қишлоқда бундай даҳшатли воқеалар бир неча бор рўй берган.

Қишлоқлар аҳолиси давлат томонидан Зарафшон дарёси узра кичикроқ бўлса-да, кўприк қуриб берилишини исташади. Агар шундай кўприк қуриладиган бўлса, Паст Дарғом туман маркази Жума шаҳридан Оқдарё туман маркази Лойиш шаҳарчасигача бўлган 44 км.лик масофа ҳам 22,5 км.гача қисқарган бўлар эди. Бир пайтлар ушбу жойда кўприк қурилиши лойиҳалаштирилган. Бироқ маблағ етишмаслиги туфайли ишлар лойиҳалигича қолиб кетган.


















