Ўзбекистон | 18:30 / 30.04.2018
6340
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия инновация бўйича илмий ҳамкорликни йўлга қўяди

Фото: Kun.uz

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов ва Туркия илмий технологик тадқиқотлар кенгаши TUBITAK ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги протокол имзоланди. 

Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туркия илмий технологик тадқиқотлар кенгаши биргаликда тадқиқот ва ривожлантириш лойиҳалари олиб борилади.

Шунингдек ҳужжат илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, узлуксиз илмий тадқиқот ишлари ҳақида маълумот алмашиш, янги илмий услубларни қўллаш, маърузалар ўқиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун янги илмий алоқалар ўрнатиш, илмий тадбирларда иштирок этиш, умумий илмий ва технологик тадбирларни, шу жумладан учрашувлар, конференциялар, симпозиумлар, курслар, семинарлар ва кўргазмалар ташкил этиш ва иштирок этиш борасида биргаликда иш олиб боришни кўзда тутади. 

Бундан ташқари, илмий-техник тадқиқотлар натижаларини, ўзаро илмий ва технологик ҳамкорлик натижалари ва ҳужжатларни алмашиш, тадқиқот ва ишлаб чиқариш объектлари ҳамда илмий асбоб-ускуналардан биргаликда фойдаланиш, технопаркларни технологик узатиш ва бошқаришни амалга ошириш борасида ҳам ҳамкорликни ривожлантиришади. 

Таъкидлаш лозимки, Туркия Республикаси ҳам Ўзбекистон сингари инновацион тадқиқотлар борасидаги фаолиятини давлат иқтисодиётини кўтаришга йуналтирилган асосий тамойиллардан бири сифатида қарайди. Илмий тадқиқотлар учун сарфланган молия ҳажми 2016 йилда ЯИМга нисбатан 1,5 % ни ташкил килган. 

Масалан, Туркияда барпо қилинган технопарклар назариётчилар билан бир қаторда амалиётчилар хам ижод қиладиган илмий марказ ва ишлаб чиқариш майдончаси деб хисобланади. Ушбу технопаркларда яратилган қулай ишлаб чикариш шароитлари, қонуний база, катта ҳажмли молияни киритиш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришда жорий қилишга катта имконият яратади. 

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасидаги илмий-техник ва инновацион соҳалардаги хамкорликни ривожлантириш учун янги технологиялар, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этиш, шу билан бирга илмий-технологик алмашишни фаоллаштириш, турли илмий тадқиқот институтларида қўшма тадқиқотлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид