Жамият | 16:11 / 01.05.2018
62005
4 дақиқада ўқилади

Келажак лойга ботиб қолмасин. Ургутдаги мактаб ўқувчилари кўп нарсадан умидвор...

Яқинда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Равот қишлоғида жойлашган 12 мактаб филиали, ундаги оғир шароитлар ҳақида видео ва суратлар тарқалган эди. Ачинарли ҳолатни ўз кўзимиз билан кўриш учун қайдасан, Самарқанд дея Ургут туманида жойлашган мазкур мактабга ташриф буюрдик.

Мактаб ҳақида айтадиган бўлсам, ораларингизда машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг «Биринчи муаллим» қиссасини ўқиганлар бўлса керак. Унда асар қаҳрамони Дуйшен гўзал ривожланган пойтахтни тарк этиб, ўз она қишлоғига қайтиб эски бино бўлса-да, ўша ерда яшовчи ёш авлодга илм ўргатишни бошлайди. Бизга мурожаат қилган мактаб директори Шароф ака ҳам шундай инсонлардан бири, десак муболаға бўлмайди. Улар мактаб учун жон куйдираётгани шундоқ кўзларидан маълум.

Равот қишлоғига боришимиз билан Шароф ака бизни кутиб олди. Уларнинг айтишича, мактаб 1968 йилда қишлоқ аҳлининг ҳашари эвазига бунёд этилган. Собиқ иттифоқ давридан бери мактаб «капитал» таъмирга тушмаган. Мактабда ҳозирда 230 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Шу йилнинг сентябрь ойида яна 30 нафарга яқин ўқувчини қабул қилиш кутилмоқда. Бироқ мактаб биноси талабга умуман жавоб бермайди. Мактабда бор йўғи иккита бино мавжуд. Кутубхона ҳам, спорт майдони ҳам, ҳатто ҳожатхонаси ҳам йўқ. Хоналарни-ку, қўяверасиз. Томдан ёмғир ёғса, сув томиб челакларни тўлдиради. Ёғингарчиликда хоналар ичидаги тупроқ лойга айланади. Хоналарнинг пол қисми йўқ. Компьютер уёқда турсин, электр токининг ўзи йўқ. Деразалар умуман очилмайди. Мактабда 40 нафарга яқин ўқитувчи дарс бериб келмоқда. Ўқитувчилар хонаси ҳам жуда ачинарли ҳолатда. Хуллас, мактаб харобага айланган. Шунга қарамай, ҳатто қўшни қишлоқлардан ҳам илмга чанқоқ ёшлар келиб, битта партада уч кишидан ўтириб бўлмасин савод олмоқда.

Маъмурият керакли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган чоғда улар мактаб дастурга киритилган деб жавоб бериб келишмоқда. Мактаб директорининг ўринбосари мактаб қишда ҳам ишлаганини, кўмир ёқиб хоналар иситилганини айтди. Шунда ҳам юрт келажаклари лой босиб мактаб дарсларига ўз вақтида қатнашибди.

Ҳомийлик масаласида эса қишлоқ фермерининг айтишича, бу йил туман сув муаммоси билан қийналмоқда. Ҳосилдан эса дарак йўқ. Агар ҳосил яхши бўлиб, даромад кўпайса, албатта, мактабга ёрдам қилишларини, ўзлари ҳам мана шу мактабда таълим олганликларини таъкидлаб ўтишди.

Мактаб маъмурияти мажлисларга бориб келиши билан ўқувчилар доим бизга янги бино қуриб беришадимикан ҳурматли юртбошимиз, деб савол беришар экан. Мактаб директори эса сизлар яхшилаб таълим олсангиз, албатта, қуриб беришар экан, деб вақтинчалик умид бағишлаб келаётганини айтиб берди.

Ривожланган давлатлар ўтиш босқичидаги сиёсатига аҳамият берадиган бўлсак, улар ўз бюджетининг катта қисмини ҳар йиллик тақсимот пайти таълим тизимини ривожлантиришга қаратади. Биз ёдлаган шеърдаги “Темур тиғи етмаган жойни, қалам билан олди Алишер” жумласини улар тушуниб етган ҳолда, амалиётда мазкур тизимни ривожлантиришга қаратиб келмоқда. Биз ҳам ҳукуматдан мазкур муаммо тез орада ўз ечимини топиб қолишига умид қилиб қоламиз. Чунки фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб ўсишлари учун энг аввало уларга шароитлар яратиб беришимиз керак. Кейин улардан талаб қилсак бўлади деб ҳисоблайман. 

Зафарбек Солижонов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид