2018 йилнинг апрель ойида истеъмол бозоридаги нарх ва тарифлар ўсиш суръати 0,9%ни ташкил этди. Шундан, маҳсулотлар ой давомида ўртача 0,4%га ҳамда хизматлар 2,7%га қимматлашди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

2018 йил апрель ойидаги нарх индексларини ўтган ойлар динамикаси билан таққослаганда, ушбу ойда хизматлар нархи ўсиш суръати бўйича маҳсулотлар нархига нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди.

Таҳлил маълумотларига кўра, ўтган давр мобайнида асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши ва уларнинг истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)нинг ўсишига маҳсулотлар 0,3 фоиз даражаси (кейинги ўринларда ф.д.) ҳамда хизматлар 0,6 ф.д.да таъсир кўрсатган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ой давомида ўртача 0,3%га қимматлашиб, бу ўз навбатида ИНИнинг умумий ўсишига 0,1 ф.д.да таъсир кўрсатди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи орасида нархларнинг ўсиши ҳамда пасайиши бўйича етакчилик мос равишда мева-сабзавот маҳсулотлари ва тухумга тегишлидир.


Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум ва шакар маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада арзонлашгани (мос равишда 7,5 % ва 3,6 %) боиси, ушбу турдаги маҳсулотлар билан ички бозорнинг тўйинганлигидир.
Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархларида жиддий ўзгаришлар деярли кузатилмади.





















