Бугунги ўйинда ким ютишидан қатъи назар, менимча, финалда фаворит «Реал» бўлади. Агар кутилмаган ҳолат рўй бермаса, мадридликлар қаторасига уч бор Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлишлари, сўнгги беш йилда тўртинчи маротаба бу соврин эгасига айланишлари мумкин. Сўнгги беш йилда тўрт марта. Даҳшат-а?

Эллигинчи йилларда ўша Ди Стефанонинг «Реал»и беш йил қаторасига Чемпионлар кубогини ютганини биламиз, бугундан туриб қараганда, Қироллик клубини ўша даврларда бутун Европани зир титратган гегемон сифатида тасаввур қилиб келганмиз. Агар масалан, 2048 йилдан туриб, ўнинчи йиллар ўрталарига назар ташласаг-у, беш йилда тўрт марта финални ютган «Реал»ни кўрсак, худди ўша тасаввурни уйғотса керак, назаримда.
Лекин биласизми, бугун, мана шу жараённинг ичида туриб, «Реал»нинг бошқалардан яққол устунлигини ажрата ололмаймиз. Бу жамоа беш йилта тўрт марта Чемпионлар Лигасини ютишга лойиқми, деган савол пайдо бўлаверади, негадир.
Қизиқ. Шунинг учун ҳам қанақадир қонуният қидирамиз. «Реал» кучсиз жамоаларга тўғри келди, дегандик ўтган йили, мана, кучли бешлик чемпионлари навбати билан ожиз қолдирилишди. Зидан омадли мураббий экан деб нимадир исботламоқчи бўламиз, аммо сўз топа олмаймиз. Ҳакамларнинг доимий тарзда мадридликларга мадади ҳақида гаплар пайдо бўлади. Қўйсангизчи! Биласизми, Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган ҳар қандай жамоани айтинг, ўша мавсумда унинг фойдасига қилинган ҳакам хатосини топиб бераман. Ишонаверинг, бўлиб туради. Барибир яна ўша юқоридаги саволга қайтиб қолаверамиз – балки, «Реал» биз ўйлагандан, ўша беш йилда тўрт марта ғолиб бўладиган қандайдир хаёлий жамоадан анча кучсиз кўринаётгани туфайли кўнглимиз тўлмаётгандир?

Балки бу савол умуман керакмасдир? Аслида эса, мана шундай хаёлий жамоа бўлиши шартми ўзи? Чемпионлар Лигаси ғолиби ҳаммадан яққол кучли бўлган, ўз ўйини ва комбинациялари билан ҳамманинг эсида қоладиган жиҳатига эга бўлиши шартмикин?
Роналду икки метр масофадан осмонга қараб тепганида, Навас Толиссонинг жуда хавфли зарбасини майдон ташқарисига чиқариб юбораётганда, ўз майдонида ўйнаб туриб ҳам, ўйин охирларини фақат вақтни чўзишга сарфлаб, яна шу жамоа финалда фаворит деб эътироф этилаётганда, мен бир нарсани ўйлаб қолдим - келинглар, бир-биримизни табриклайлик – футбол ўзгармоқда. Сўнгги йилларда Европада энг кўп соврин ютаётган жамоанинг бугунги ҳолати ва муаммолари футбол яна аср бошидаги жозибасига қайтаётганини исботлаётгандек бўлаверади.

















