Жаҳон | 09:50 / 03.05.2018
3381
2 дақиқада ўқилади

Франция кичик ва ўрта бизнеси ўзларини ҳужумлардан ҳимоя қилишни сўради

Фото: AP Photo / François Mori

Франция кичик ва ўрта бизнеси конфедерацияси (CPME) ишбилармонларни кўчадаги ҳужумлардан ҳимоя қилишни илтимос қилиб, очиқ хат билан мурожаат қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.

Париж кўчаларида бўлиб ўтган тартибсизликлар биринчи май намойишини бузган. Безорилар машиналарга ўт қўйишган, дўконлар пешойналарини уриб синдиришган, савдо нуқталарини вайрон қилишган. Бир неча қаҳвахона ҳам талафот кўрган. Айни пайтда Парижда тартибсизликлар ва ҳужумларга алоқадорликда гумонланаётган юздан зиёд киши ҳибсга олинган.

Мактуб муаллифлари намойишлар чоғида савдо нуқталарига ҳужумлар давом этишидан чўчишмоқда, чунки уларнинг сўзларига кўра, бундай ҳодисалар «яқинда Нантда, кеча Парижда ва яна аллақаерларда» бўлиб ўтган. «Сценарий доимо бир хил — қатъияти ҳурматга сазовор бўлган полициячилар ҳужум нишонига айланмоқда, савдо нуқталари эса талон-торож этилмоқда», — дейилади хатда.

Ҳужжат муаллифларининг фикрича, «сиёсий бўлиши эҳтимолланаётган мотивлар тинчликни бузувчилар учун шунчаки бир баҳона, улар аслида тартибсизлик ва бошбошдоқлик уруғини сочишмоқчи».

«Намойиш ўтказиш ҳуқуқи бундан кейин ҳужум қилиш ҳуқуқи билан ёнма-ён бўлмаслиги керак. Бу ишларга чек қўйиш керак», — дейилади CPME мурожаатномасида.

Конфедерация вакилларининг сўзларига кўра, «бизнес эгалари ўзларини ҳимоя қила олмайди, улар бу иш билан шуғулланишни исташмайди, қолаверса, бу уларнинг мажбурияти ҳам эмас».

«Француз ишбилармонлари номидан CPME давлат ҳокимиятини савдо билан шуғулланувчиларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўришга чақиради», — деб баёнот беришган хат муаллифлари. Улар «қўзғолончилар жазоланиши керак»лигига чорлашмоқда, агар қонун ҳамма учун баробар эмаслиги ҳақидаги ҳис-туйғулар мустаҳкамланаверса, бунинг оқибатлари вайрон қилувчи характерга эга бўлишини таъкидлашмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид