Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, чарм-пойабзал соҳасини бошқаришнинг шаклланган тизими ушбу соҳада республикамизнинг мавжуд захиралари ва салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш имконини бермаяпти.

Йирик ва майда шохли моллар терисини, шунингдек, мўйна хом ашёси ва жунни тайёрлашнинг бозор механизмлари ҳамда уларни сақлашнинг замонавий технологиялари секинлик билан жорий этилмоқда. Тери хом ашёсини қайта ишлаш даражаси паст бўлиб қолмоқда, тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда ярим тайёр чарм маҳсулотлар улуши юқори бўлиб қилмоқда. Чарм-пойабзал товарларининг бир қатор йўналишлари, жумладан, аёлларнинг модель пойабзали ва чарм кийимлари, замонавий чарм буюмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга эътибор қаратилмаяпти.

Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ишлаб чиқаришнинг замонавий услублари ва инновацион ёндашувларига ўқитиш, ишлаб чиқаришда юқори сифатга эришиш учун хорижий мутахассисларни, жумладан, технолог ва дизайнерларни жалб этиш ишлари суст ташкил қилинган.

Ҳужжатга кўра, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси аъзоларининг жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун ва қоракўлдан буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар иштирокидаги умумий йиғилиши қарорига мувофиқ:

а) “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда кирган ҳолда “Ўзчармсаноат” уюшмаси (кейинги ўринларда Уюшма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилди;

б) Уюшма “Ўзбекчармпойабзали” уюшмасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

в) қуйидагилар Уюшма фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Уюшма аъзолари – ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига чорва молларини сўйиш ва тери тайёрлашдан хом ашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйна, қоракўл ва жундан ишланган тайёр маҳсулот ва буюмлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараённинг барча босқичларида кўмаклашиш;