Ўзбекистон | 18:14 / 04.05.2018
22955
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг мамлакатда нодавлат нотижорат секторини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ҳамда ташаббускор фуқароларга фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида ҳукумат қарорини қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига Танлов ўтказиш ва муваффақиятли ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни амалга оширганлик учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳар йили мукофот бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид