Бугун тадбиркорга яратилган кенг имкониятларнинг амалдаги ифодаси ўлароқ шаҳар ва қишлоқларнинг ривожланиб бораётганини кўриш мумкин. Аммо тадбиркорга берилган имконият – “у истаган ишини қилсин”, дегани эмас. Тадбиркор бўладими, амалдор бўладими ёки оддий фуқаро – Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига бўйсунишга ва ишларини ана шу қонунлар доирасида қилмоғи шарт.
2017 йилнинг 3 февраль куни “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланди. Албатта, бу фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Аммо мазкур фармон фонида, уни ўзича талқин этган айрим мутасадди ва мансабдор шахслар, тадбиркорлар ундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қорақамиш 2/4 массиви олтинчи уй аҳолисидан KUN.UZ таҳририятига бир талай мурожаатлар келиб тушди. Яна ўша мавзу – “Замонавий маҳалла гузари” биносининг ноқонуний равишда қурилиши. Маълумотларга кўра, мазкур массивдаги ушбу бино қурилиши ўтган йилнинг сентябрь ойида бошланган. Аммо бунинг учун маҳаллий аҳолидан розилик олинмаган, зарур ҳужжатлар ва лойиҳа тақдим этилмаган. Оқибатда норози бўлган одамлар Олмазор туман ҳокимиятига мурожаат қилишади ва қурилиш вақтинчалик тўхтатилади, бироқ бу узоққа бормайди, ишлар аввалгидек давом эттирилаверади.

- Неча йиллардан буён бу маҳалланинг гузари бўлмаган, - дейди биз билан суҳбатда МФЙ раиси. – Баҳодир Ғойибназаров ҳоким эдилар. Янги сайланган вақтим, маҳаллангиздан бир жой топинг, ўша ерни обод қилиб, гузар қиламиз дедилар. Кейин биз ҳақиқатда ташландиқ бинони таъмирлаган ҳолда ажойиб, шинам маҳалла гузари қилдик. Орадан вақт ўтиб, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маҳаллада замонавий маҳалла гузари бўлсин деган кўрсатмалари чиққач, бу ерни суратга олиб кетишиб, менга туман раҳбарлари : “Оқсоқол, бу ерда икки қаватли бино тушади, биринчисида хизмат кўрсатиш шохобчалари, иккинчисида эса тикувчилик цехи бўлади. Маҳалладаги хотин-қизлар ишли бўлиб қолишади”, дейишди. Бундан хурсанд бўлдим, аммо у бино қолиб мана бу бинонинг қуриб кетилгани ҳеч ақлга сиғмайди.

Маълум бўлишича, мазкур бинони қураётган қурилиш корхонасининг раҳбари ҳам у айнан нима учун қурилаётгани ва нимага хизмат қилишини ҳам билмайди. Одамларнинг айтишича, мазкур бинонинг эгаси улар билан ҳеч қачон учрашмаган. Маҳалла аҳолисининг айтишича, бу ер бир вақтлар боғ бўлган, турли хил мевали кўчатлар ўтқазилган, соя-салқин, ҳордиқ чиқарадиган маскан бўлган.























