GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифатни интеграция қилинганлигини белгилаб берувчи BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди. Бу ҳақда GM Uzbekistan АЖ Жамоатчилик билан ишлаш хизмати хабар берди.



Бу сўнгги 3 йил давомида автозаводда амалга оширилган ва сифат талабларини тўла бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар натижаси бўлди.
Текширув General Motors корпорациясининг Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондаги мутахассислари томонидан ўтказилди.

Сертификат “General Motors International” ташкилотининг аудити натижасида топширилди. Сертификат топшириш маросимига GM International компанияси вице-президенти Фил Кинли ташриф буюрди.

Сертификатни қўлга киритиш учун 44 та кўрсаткич бўйича талабларга тўла жавоб бериш лозим. Натижалар Асака автомобиль заводи ушбу стандартлар бўйича 100 фоиз талабга жавоб беришини кўрсатди (минимал даража – 95,5%).
Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнига сифат даражаларини белгилаб берувчи учинчи даражанинг берилиши корхонага GM глобал платформасидаги деярли барча автомобилларни ўзлаштириш имконини беради.
Сифат даражаларини белгилаб берувчи даража (BIQ) завод ишлаб чиқариш жараёнига GMS’ни жорий этиш даражасига кўра аниқланади.


















