Молия вазирлиги президентнинг «Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантирилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасини эълон қилди.
Norma’нинг ёзишича, қуйидагиларни тақиқлаш таклиф этилмоқда:
• суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) фаолиятига маъмурий аралашув, суғурта захираларининг мақсадли маблағларини ўзга мақсаддаги харажатлар, хайрия ва бошқа мақсадларга йўналтириш ва қўллаш;
• суғурталовчини (қайта суғурталовчини) шартномалар тузишга ва асоссиз равишда, юз бериши аниқ бўлган хатарларни зиммасига олишга мажбурлаш;
• бозордаги соғлом рақобат принципларини бузиш, тарифларнинг бозордаги ўртача тарифлардан асоссиз равишда ва анча фарқланиши, суғурта хизматларини сотишда демпинг схемаларидан фойдаланиш.
Қонунбузарликлар учун айбдор шахсларга нисбатан суғурталовчиларга (қайта суғурталовчиларга) етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш, фаолиятида ушбу далиллар аниқланган суғурталовчиларнинг лицензияларини эса чақириб олишгача бўлган қатъий чоралар қўлланади.
Шунингдек қуйидагилар режалаштирилмоқда:
• суғурта ташкилотларининг алоҳида бўлинмалари раҳбари ва бош бухгалтери лавозимига номзодларни олдиндан келишиб олиш амалиётини бекор қилиб, тўлиқ жавобгарликни суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) раҳбарияти зиммасига юклаш;
• 2018–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантирилишини таъминлаш бўйича йўл харитасини маъқуллаш;
• суғурта фаолияти турлари ва соҳаларига қараб табақалаштирилган суғурталовчилар устав капиталининг энг кам миқдорларини ошириш;
• 2019 йил 1 январдан бошлаб бўшатилаётган маблағларни устав капиталини оширишга мақсадли йўналтирган ва уларни мазкур қарор билан қўйиладиган талабларга мувофиқлаштирган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар суғурталовчиларни (қайта суғурталовчиларни) даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод қилиш;
• суғурта товонларини тўлаш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини бирхиллаштириш ва соддалаштиришни назарда тутувчи суғурта эътирозларини тартибга солишнинг намунавий услубиятларини жорий этиш;
















