Ўзбекистон | 10:08 / 16.05.2018
7180
2 дақиқада ўқилади

Келгуси ҳафтадан бошлаб Душанбедан Термизга автобус қатнови йўлга қўйилади

Фото: news.tj

Тошкент-Хўжанд йўналишида 26 йиллик танаффусдан сўнг тикланган қатновдаги биринчи автобус 15 май куни пешин соат 15:00да қадимий Хўжанддаги «Роҳи абрешим» автобус бекатига етиб келди. Унда Ўзбекистон давлат идоралари, транспорт ширкати ходимлари, сайёҳлар ва журналистлар йўловчиларга айланди.

Тошкентдан келган меҳмонларни Сўғд вилояти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Рустам Раҳматзода бошчилигидаги делегация кутиб олди. Қўшни давлатлар ўртасида автобус қатнови тикланишига бағишланган қисқа маросимда хабар қилинишича, келгуси ҳафтадан бошлаб автобусда Душанбедан Термизгача бориш мумкин бўлади.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги вакили Хайрулло Каримов ҳукуматлараро келишувга биноан, яқин келажакда Душанбе-Денов, Панжикент-Самарқанд, Тошкент-Фарғона йўналиши бўйича автобус йўналишлари очилишини таъкидлади.

Маълум бўлишича, қўшни давлатлар ўртасида Ўзбекистондан «Манзара туризм» компанияси ва Тожикистондан Asian express компанияси автобуслари қатнайди.

Хўжанд-Тошкент йўналишига чипта 50 сомоний (5,5 АҚШ доллари) туради, аммо келажакда унинг қиймати қайта кўриб чиқилиши мумкин, дейишди компания вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови тиклангани хабар берилганди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид