Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали чармни олиб чиқишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори муҳокама учун эълон қилинди.

Низомга кўра, чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишга рухсатнома бир йилга берилади ва рухсатнома бериш Идоралараро комиссия томонидан амалга оширилади.

Уюшма аъзолари – ташкилотлар келгуси йил учун чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишга рухсатнома олиш учун жорий йилнинг 1 декабрига қадар олиб чиқиладиган маҳсулотнинг физик ҳажмини кўрсатган ҳолда Уюшмага буюртма тақдим этадилар.

Уюшма аъзолари – ташкилотлар томонидан тақдим этилган буюртмалар Уюшма томонидан 10 иш куни муддатида жаҳон бозорларининг жорий ва истиқболли конъюнктураси ва маркетинг тадқиқотлари натижаларига асосан кўриб чиқилади.

Жаҳон бозорларидаги нархлар тўғрисидаги маълумотлар асосида кўриб чиқиш натижаларидан келиб чиқиб Уюшма томонидан барча буюртмалар бўйича жамланма маълумот тайёрланади ва 15 декабрдан кечикмасдан Ташқи савдо вазирлигига тақдим этилади.

Ташқи савдо вазирлиги Уюшма томонидан тақдим этилган жамланма маълумотни ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади ва 20 декабрдан кечикмасдан чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишга рухсатнома бериш учун Идоралараро комиссияга тақдим этади.

Идоралараро комиссия тақдим этилган маълумотларни 25 декабрдан кечикмасдан кўриб чиқади ва чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишнинг минимал нархларини белгилаган ҳолда, келгуси йил учун бир йил муддатга чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишга рухсатнома беради.

Идоралараро комиссиянинг рухсатномаси Идоралараро комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.

Уюшма аъзолари – ташкилотлар томонидан чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиш бўйича йил давомида қўшимча рухсатномага эҳтиёж туғилганида рухсатнома бериш юқоридаги тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Бунда рухсатнома бериш бўйича амалга ошириладиган тадбирларнинг ҳар бир босқичида ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати беш иш кунидан ошмаслиги лозим.

Чармни Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиш бўйича экспорт контрактларини Идоралараро комиссиянинг рухсатномасига мувофиқлиги мониторинги ва назорати Уюшма томонидан амалга оширилади.