Жорий йилнинг 29 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида ўтказилган бизнес-форумда Тошкент шаҳар ҳокимлиги туркиялик ишбилармонлар билан умумий қиймати 455,2 млн долларга тенг бўлган 14 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур келишувларни ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори билан “йўл харитаси” тасдиқланди. 

Унга мувофиқ пойтахтда 6та янги замонавий меҳмонхона барпо этилади. Шунингдек, тасдиқланган “йўл харитаси”га кўра аҳолини ва пойтахт меҳмонларини бўш вақтларини унумли ўтказишлари учун савдо ва кўнгил очар масканлари барпо этилиш режалаштирилган. 

Шартномаларда тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари бўйича бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилиши кўзланган.