“Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом” лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Низомга кўра, чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курслари тижорат банклари томонидан чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда белгиланади.

Операцион кун давомида тижорат банки томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш курси ўзгартирилиши мумкин.

Банк томонидан валюта айирбошлаш хизматлари кўрсатиш тижорат банки раҳбарининг буйруғига асосан банкнинг тегишли таркибий бўлинмасига юклатилади.

Таркибий бўлинма томонидан чет эл валютасини резидент жисмоний шахсларга, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.

Таркибий бўлинмада тўлов терминаллари, ҳисоблаш техникаси, тегишли дастурий таъминотга эга “Банклараро ягона электрон тизим”га уланган компьютер техникаси, телефон алоқаси, ёнмайдиган темир сейф, ёнғин хавфсизлиги сигнализацияси ва видеокузатув камералари бўлиши лозим.

Банк раҳбарининг тегишли буйруғисиз таркибий бўлинма ходимлари томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бошқа шахсларга топшириш тақиқланади.

Халқаро пул ўтказмалари бўйича қабул қилинган миллий валютани чет эл валютасига ёки халқаро тўлов карталари орқали тўловлар амалга оширилганда чет эл валютасини миллий валютага автоматик тарзда айирбошлаш операциялари банкнинг тегишли бўлинмаси томонидан амалга оширилади.

Резидент жисмоний шахс чет эл валютасини сотиб олиш учун тижорат банкининг таркибий бўлинма мутахассисига тижорат банки белгилаган шаклдаги ариза ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжатини, якка тартибдаги тадбиркор эса қўшимча равишда гувоҳнома тақдим этади ва таркибий бўлинма мутахассиси ҳужжатлардан нусха олади.

Таркибий бўлинма томонидан резидент жисмоний шахсга чет эл валютаси банкнинг чакана амалиётлар кассасига топширилган нақд миллий валюта ёки банк картасидаги ёхуд депозит ҳисобварағидаги миллий валюта миқдори доирасида сотиш операцияси амалга оширилади.

Чет эл валютаси учун тўлов резидент жисмоний шахс томонидан миллий валютада тижорат банкининг операция бажариладиган кундаги сотиш курсида амалга оширилади ва тегишли тасдиқловчи ҳужжатнинг (чек ва бошқа) асл нусхаси мижозга берилади, нусхаси эса кунлик ҳужжатларга тикиб қўйилади.