Шу йилнинг 20 май куни Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида 7та юк автомобилига ортилган 70 миллиондан зиёд қалампир кўчатлари чиқиндига ташлаб юборилди. 10 кун давомида музлатгичда сақланган, нархи 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган кўчатлар чириб, экишга яроқсиз аҳволга келиб қолган эди.

Қалампир кўчатлари Тошкент вилояти ва Фарғона водийси фермер хўжаликларида етиштирилган ва Қорақалпоғистонга етказиб берилган, шу ерда фермер хўжаликлари томонидан экилиши керак эди...

Мақоламизда нега қалампир кўчатлари экилмай қолгани, натижада чириб, чиқиндига айлангани, миллиардлаб пуллар ҳавога совурилгани, одамларнинг меҳнати эса зое кетгани, катта зарар кўрилганини ёритишга, бунинг сабабларини аниқлашга уриниб кўрамиз.

2017 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрганида, паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида  60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампирни экиш, буни Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

2018 йил 27 январда Вазирлар Маҳкамасининг 62-сонли «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда хорижий тажриба асосида ҳудудларда аччиқ қалампирни етиштириш, йиғиштириб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Қарорни бажариш учун, қалампир кўчатлари етиштиришни таъминлаш ва Республика ҳудудларига етказиб бериш билан шуғулланувчи «GENERAL MACHINERY GROUP» (GMG) МЧЖ компанияси ташкил қилинди.

Пишиб етилган ҳосилни фермерлардан чекланмаган миқдорда сотиб олиш эса «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси қошида ташкил қилинган махсус корхоналарга топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди ана шундай корхоналардан бири - «ChiliUz» МЧЖга бириктирилди.

2018 йил 17 май кунига қадар, GMG компанияси Қорақалпоғистон Республикасидаги кўчат етказиб берувчи хусусий томорқа ер эгалари ва фермер хўжаликлари билан ўзаро тузилган шартнома асосида, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё, Шуманой, Кегейли, Чимбой ва Қораўзак туманларида жами 98 600 000 дона қалампир кўчатлари етиштирилиб, 54 800 000 дона кўчат фермерларга етказилиб берилди.

Бундан ташқари, бошқа вилоятлардан 99 500 000 дона қалампир кўчатлари келтирилган, аммо фермер хўжаликларига фақат 29 400 000 донаси экиш учун тарқатилган. Қолган 70 100 000 дона кўчатнинг тақдири нима бўлганини мақоламиз бошида ёздик.