Президентнинг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинганидан кейин давлат-хусусий шериклик асосида хусусий болалар боғчалари очиш учун қатор имтиёзлар берила бошланди. Norma имтиёзлардан қандай фойдаланиш ва ишни нимадан бошлаш, боғча фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичлардан қандай ўтиш ҳақида тушунча берди.

Ишни нимадан бошлаш керак
 
Даставвал, болалар боғчаси барпо этиш учун мос келадиган бино ёки ер участкасини топиш зарур. Масалан, Тошкент вилояти ҳокимлиги хусусий болалар боғчалари барпо этиш учун “ноль” харид қийматида биноларни сотишни бошлаб юборди.
 
Бўлғуси болалар боғчасининг лойиҳаси бўлиши ҳам зарур шартлардан бири саналади. Номзод лойиҳа суммасининг 25%идан кам  бўлмаган миқдорда соф активларга эга бўлиши ёки худди шунча суммага учинчи шахснинг кафолатини тақдим этиши зарур. Бу билан у ўзининг молиявий жиҳатдан лаёқатли эканини тасдиқлаган бўлади.
 
Яқин кунларда давлат-хусусий шериклик асосида мамлакатимиз бўйлаб 3 000 дан ортиқ нодавлат МТМ қурилиши ва юзлаб болалар боғчалари реконструкция қилиниши кўзланган. Ушбу лойиҳалар бўйича хусусий шерикларни излаш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги танлов ва тендерлар эълон қилади. Агар хусусий шерикнинг ўз лойиҳаси бўлмаса, Вазирликнинг эълонларини кузатиб бориб, улар орасидан ўзига мос лойиҳани танлаб олиши мумкин бўлади.
 
Қолаверса, номзоднинг солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги бўлмаслиги зарур. Буни тасдиқловчи ҳужжат ариза ёзиладиган кундан бир ойдан кўп бўлмаган муддат ичида олинган бўлиши даркор. Корхонаси банкротлик, тугатилиш босқичида бўлган номзодлар, мол-мулки хатланган шахсларнинг аризаси кўриб чиқилмайди.
 
Ариза билан Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлинмасига мурожаат этилади.

Аризада, шунингдек:

• юридик шахслар учун – хусусий ҳамкорнинг номи ва жойлашган жойи; жисмоний шахслар учун – шахсий маълумотлар ва яшаш жойи;
• лойиҳани амалга ошириш мақсади;
• лойиҳа жойлашадиган объект ёки ер участкаси ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади.