Транспорт воситалари ҳайдовчилари бўлмаганда тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатлари қайд этилаётган янги тартиб Norma томонидан кўриб чиқилди.
 
Яқинда (17.05.2018 йил) кўпгина ОАВ Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари транспорт воситаларининг тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолатларини фото ва видео орқали қайд этиб, автомобилнинг олд ойнасида махсус эслатма қолдираётганликлари ҳақида хабар тарқатдилар. Унда ҳуқуқбузарликни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун 3 кун муддатда ДЙҲХХ органига келиш талаб этилади. Келмаган тақдирда транспорт воситаси ушлаб турилиши (жарима майдончасида) ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

 Янгилик – Тошкент шаҳар ЙҲХБнинг «ўзбошимчалигими»?
 
Йўқ, бу «ўзбошимчалик» эмас. Февралда (14.02.2018 йил) Президентнинг «Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ПҚ–3528-сон қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг 25-бандида ИИВга 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига пойтахтимизда транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхтаб туриш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси топширилган. Таклифларда ҳайдовчиси бўлмаганда ҳам нотўғри тўхтаб туриш ҳолатини қайд этиш ва баённомалар тузилиши назарда тутилган бўлиши керак.
 
Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ҳозирча ҳеч қандай ўзгартиришлар киритилмади. Бинобарин, Тошкент шаҳар ЙҲХБ ушбу ғояни мавжуд қонунчилик нормалари доирасида амалга оширишга уринмоқда. 
 
Эслатма қандай юридик кучга эга?
 
Бугунги кунда тўхтаб туриш қоидалари бузилганлиги (МЖТКнинг 128-6-моддаси) ҳақида маъмурий баённома тузиш мажбурийлигича қолмоқда ва ҳужжат илгаригидек ҳуқуқбузар томонидан имзоланган бўлиши керак (Йўриқноманинг 5 ва 10-бандларига қаранг). Бунда баённома, қоида тариқасида, жойнинг ўзида тузилиши лозим.