Ўзбекистон | 17:15 / 30.05.2018
5027
4 дақиқада ўқилади

ЕИ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича умумий вазиятни янада яхшилаш зарурияти мавжуд 

Фото: AP

Мирзиёев президентликка сайланганидан сўнг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ умумий вазият ижобий томонга ўзгара бошлади, дейилади ЕИнинг дунё бўйича инсон ҳуқуқлари ва демократияга доир йиллик ҳисоботида.
 
Ўзбекистон раҳбарияти амалга оширилаётган жиддий ислоҳотлар дастурининг бир қисми сифатида 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди ҳамда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига доир вазиятини яхшилаш учун муҳим чора-тадбирларни амалга оширди, дея ҳисоблайди ЕИ экспертлари. 

«Ҳукумат коррупцияга қарши кураш, суд тизимини ислоҳ қилиш, маъмурий ислоҳотлар ўтказиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар шаффофлигини ошириш учун кенг қамровли чора-тадбирларни тасдиқлади», - дейилади ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси материалларида.

Қийноқларга қарши конвенция мажбуриятларида, худди шунингдек, Ўзбекистон Конституцияси ва жиноятчиликка оид қонунчилигида ҳам бирдек таъқиқланган қийноқлар ва бошқа  ғайриинсоний муносабатларга барҳам бериш мақсадида қамоқхоналар ва бошқа ҳибсда ушлаб туриш (шу жумладан, вояга етмаганларни) жойларида қонун бузилиши ҳолларини тўхтатиш учун қадамлар қўйилди, дейилади ҳисоботда. 

Хусусан, ЕИнинг хавотирларига сабаб бўлиб келаётган бир қанча маҳбуслар 2017 йили озод этилди ва умид қилинадики, ҳар йили Конституция куни муносабати билан эълон қилинадиган, бу йил 2018 йилнинг январидан март ойига қадар самарали амалга ошириладиган амнистия доирасида ҳам ушбу тенденция давом эттирилади.

ЕИ мамлакатда яшайдиган, лекин фуқароликка эга бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш жараёнини ижобий баҳолади. Таъкидланишича, барча бўғинлардаги ҳукумат вакиллари инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳаларда хорижий ҳамкорлар билан бўлган мулоқотларда янада очиқроқ ва конструктив ёндашув намоён этдилар.  

«Ушбу ижобий ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича умумий вазият мураккаблигича қолмоқда ва келгусида уни янада яхшилаш зарурияти мавжуд. Маҳбусларнинг қамоқ муддатларини асоссиз равишда узайтириш ҳоллари, нодавлат ташкилотларининг фаолиятларини ҳаддан зиёд назорат қилиш, сўз, ахборот ва диний эркинлар ҳамда йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинликлари билан боғлиқ соҳаларда Инсон ҳуқуқлари хавотирлари сақланиб қолмоқда», - дея таъкидланади ҳисоботда.

Бундан ташқари, Ўзбекистондан ҳибсда ушлаб туриш жойларида самарали мониторинг тизими яратиши мумкин бўлган Қийноқларга қарши конвенциянинг Қўшимча Протоколи ратификация қилиниши кутилмоқда. 

«Эҳтимол, бу борада яна ижобий қадамлар ташлаш учун тайёргарлик кетаётган бўлиши мумкин, бироқ мамлакатни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга яқинлаштириш учун янада қатъий ҳаракатлар талаб этилади», - дея қайд этган ЕИ экспертлари.  

Пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ЕИни хавотирга соладиган муҳим устувор масала бўлиб қолади. Мазкур масала Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда мунтазам равишда ва яқиндан кузатиб келинмоқда. ХМТ кузатувларининг якуний хулосасига кўра, болалар меҳнатидан фойдаланиш деярли тўлиқ тугатилди. Мазкур йилда меҳнат шароитлари ва меҳнатга ҳақ тўлашни яхшилаш орқали ижобий ўзгаришлар давом эттирилди. Бироқ шунга қарамай яна кўп ишлар қилиниши зарур, айниқса, маҳаллий даражада ишчи кучи ёллаш масаласида. дейилган ҳисоботда. 

ЕИ Ўзбекистонни ХМТнинг асосан иш берувчилар билан муносабатларга доир яна ўн иккита Конвенциясини ратификация қилишга чақирган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид