16:53 / 30.05.2018
26198

Туркия АҚШ қирувчи самолётларни етказиб бермаса, нима қилишини айтди

Фото: LANCE CPL. REMINGTON HALL/USMC

Туркия ташқи сиёсат идораси раҳбари Мавлуд Чавушўғлининг маълум қилишича, мамлакат Россия қирувчиларини харид қилиши мумкин. Бу Америка томони бешинчи авлоддаги F-35 қирувчи-бомбардимонларни етказиб бермаса содир бўлади, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

Чавушўғлининг сўзларига кўра, АҚШ самолётларини етказиб бермаслик учун сабаблар йўқ. Бундан ташқари, Туркия Америка томони билан муносабатларни ёмонлаштириш ниятида эмас. ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, F-35 белгиланган муддатларда етказиб берилиши лозим.

«Муаммолар юзага келадиган бўлса, Туркия муқобил вариантсиз қолмайди. Россиядан ёки НАТО давлатларидан биридан самолётларни харид қилиш мумкин», - дея айтиб ўтди Чавушўғли.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ етказиб бериш бўйича келишувдан чиқса, Туркия тегишли чораларни кўради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Туркия элчисининг ортга чақиртириб олинганига изоҳ берганди.

Top