Ўзбекистон | 18:14 / 04.06.2018
15193
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шахмат федерациясига янги раис сайланди

Фото: МОҚ ахборот хизмати

4 июнь куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон шахмат федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ташкил қилинди. Унда Бутунжаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов, Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Федерация раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги лойиҳа ва бошқарув Миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дмитрий Романович Ли номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан Д.Ли номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Дмитрий Ли Ўзбекистон шахмат федерациясининг янги раиси этиб сайланди.

«Билдирилаётган ишонч учун раҳмат айтаман. Ўзбекистонда шахматга оид президент қарори бор. Ўзбек шахматини қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш учун барча чорани амалга ошираман. Шахмат инсоннинг интеллектуал, мантиқий фикрлашини ривожлантиради», – деди Дмитрий Ли.

Шундан сўнг, Бутунжаҳон шахмат федерацияси ва Ўзбекистон шахмат федерацияси низомига биноан, шу йил Батумида бўлиб ўтадиган FIDE президентлик сайлови учун Ўзбекистон шахмат федерацияси номидан 1995 йилдан бери ушбу ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган, етти маротаба FIDE президентлиги лавозимига қайта сайланган Кирсан Илюмжинов номзодини илгари суриш масаласи кўрилди. Конференция қатнашчилари бир овоздан Кирсан Илюмжинов номзодини FIDE президентлиги учун номзод сифатида қайд этишган.

Мавзуга оид