Жамият | 17:45 / 06.06.2018
5519
2 дақиқада ўқилади

Ислом институтида азон мусобақаси ўтказилади

Фото: Wikipedia

Жорий йилнинг 8 июнь куни «Вақф» хайрия жамоaт фонди ҳомийлигида Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтининг талабалари ўртасида «Нажотга шошилайлик» шиори остида азон мусобақаси бўлиб ўтади.

Мусобақа 2 шарт бўйича ўтказилади:

Биринчи шартда иштирокчиларнинг азонни маҳорат билан айтиб бериши талаб этилади. Бунда ҳакамлар овоз, тараннум ва тўғри талаффуз меъёрлари бўйича баҳо қўядилар.

Иккинчи шартда иштирокчилар билет тортган ҳолда азонга доир фиқҳий саволларга жавоб берадилар. Ҳакамлар жавобларнинг тўлиқ ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратадилар.

Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид