«Улар ўзларини ким деб ўйлашяпти? Бизни бир уюм ахлат деб ўйлашяпти шекилли», – аччиқланди Уругвай терма жамоаси сардори ва етакчиси Варела. Рио кўчаларини айланган футболчи бир неча газета сотиб олган ва уларнинг ҳар бирининг муқовасида Бразилияни чемпионлик билан табриклаш бошлаб юборилганди.

Бразилиянинг кутилаётган ғалабаси ҳақида шаҳарнинг ҳар бир девори бақираётгандек эди гўё – Бразилия ўзининг тарихдаги илк чемпионлигига шу даражада қаттиқ ишонаётганди. Айнан ЖЧ-1950 учун махсус «Маракана» стадионини қуришган, ўйингоҳда бир вақтда 195 мингдан зиёд мухлис ташриф буюриши мумкин эди. «Бразилия терма жамоаси фан, санъат, балет ва циркни уйғунлаштирган фантастик футбол намойиш этганди ва унинг ўз майдонида чемпионликни бой беришига ҳеч ким ишонмаганди», – деб ёзади кейинроқ La Gazzetta dello Sport.

Урушдан кейинги илк мундиалда 29 жамоа қатнашиш истагини билдирди, аммо мусобақага яқин жамоалар сони 13та қолди. Аргентина ашаддий рақиби майдонида ўйнашдан бош тортди, Германияни агрессор сифатида турнирга қўйишмади, Собиқ Иттифоқ, Чехославакия ва бошқа Европа мамлакатлари энди урушдан чиққан, футбол ҳақида ўйлашга вақтлари йўқ эди. ФИФА турнирга Хиндистонни ҳам қўшди, аммо улар оёқяланг ўйнашга рухсат йўқлиги учун қатнашишдан бош тортишди. Икки карра жаҳон чемпиони Италия «Торино»нинг авиаҳалокатидан кейин у қадар кучли эмасди, шунингдек океан бўйлаб йўл азоби уларни чарчатиб қўйганди.

Турнир ноодатий форматда ташкил қилинди. Биринчи ва охирги марта жаҳон чемпионатлари тарихида финал учрашуви ўтказилмади. Бунинг ўрнига тўрт жамоа финал гуруҳига чиқишган ва ўзаро ўйинлар натижасида энг кўп очко тўплаган жамоа чемпион деб эълон қилиниши керак эди. Бразилия Швецияни 7:1, Испанияни 6:1 ҳисобида ер тишлатди. Бу ўйинлардан кейин Уругвайга қарши сўнгги тур шунчаки расмиятчиликдек туюлиб қолган, Бразилияни чемпионликдан шунчаки, вақт ажратиб турарди. Уругвай ўз ўйинларини анча камтарона ўтказган – Испания билан зўрға дурангга эришиб, Швецияни 3:2 ҳисобида енгганди. Уругвай ва Бразилия ўртасидаги сўнгги ўйин финал мақомини олди, фақат Бразилияни чемпион бўлиш учун дуранг ҳам қаноатлантирарди. Кўпчиликни фақат бу ўйинда «бечора уругвайликлар» ўз дарвозаларидан нечта тўп олиб чиқиши қизиқтирарди, холос. 

«Йигитлар, юқорида 200 минг мағрур бразилияликлар ўтиришибди, аммо майдонга улар 11 киши холос. Ҳеч қайси ўйин ўйналмасдан туриб ютқазилмайди. Олға, Уругвай» – деб қисқа, аммо мазмунли нутқини якунлади Уругвай сардори Варела. Бутун биринчи бўлимни унинг жамоаси ҳимояда ўтказди, минг ўлиб минг тирилди, аммо гол ўтказмади. Бразилиянинг дарвозага берган 17 зарбаси бесамар кетди.

«Худдики дўзахдамиз-у, бизни катта товада қовуришаётгандек туюлганди» – деб эслаганди Уругвай ярим ҳимоячиси Хуан Алберто Скьяффино автобиографик китобида.