Жаҳон | 11:39 / 07.06.2018
6141
2 дақиқада ўқилади

МДҲ мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилади

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашининг 75-йиғилиши Ўзбекистон ҳудудида кузда бўлиб ўтади. Бу ҳақда МДҲ ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев маълум қилди.

«Шуни таъкидлашни истардимки, йилдан-йилга тадбирларни ўтказиш жойлари ва уларнинг иштирокчилари таркиби кенгаймоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг апрель ойида ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитанинг йиғилиши биринчи марта Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтди. Мудофаа вазирлари кенгашининг кузги мажлиси ҳам Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган», - дея таъкидлади Лебедев. 

Кизилда ўтказилган кенгаш йиғилишида ҳарбий мақсаддаги сунъий алоқа йўлдоши тизимларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимлар, шунингдек, геомакон маълумотини алмашиш соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.

Мудофаа вазирлари қўшма ҳарбий мақсаддаги тизимлар фаолиятини такомиллаштириш доирасида, МДҲ бирлашган ҳаво мудофааси тизими, ягона алоқа тизими, ягона давлат радиолокацион аниқлаш тизими, қуролли кучлар авиацияси парвозлари хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид