Филолог ва блогер Шаҳноза Тўрахўжаева фейсбукдаги саҳифасида шу кунларнинг асосий мавзуси - Ёшлар иттифоқи атрофидаги ҳолатга эътибор қаратди.

Ушбуни «тўй кортежи» можароси чиқмасдан аввал ёза бошлаган эдим. Сўнгги воқеалардан кейин кампанияга қўшилмаслик нуқтаи назаридан постни эълон қилмаслик керак деган фикрга бордим-у, аммо бошқа нарса ёзишга улгурмадим. Ўқиётганда шу ҳолатни эътиборга олиб қўясизлар деган умиддаман.

Бир пайтлар «Камолот»га тааллуқли журналнинг бош муҳаррири бўлган ва Қаҳрамон Қуронбоев билан бир неча бор шахсан суҳбатлашган одам сифатида вазиятни таҳлил қилишга уриндим. Бу – мутлақлик ва холислик даъвосидан йироқ блогпост.

Ўтган йили шундай пост қўйган эканман: «Ҳижоб, соқол, блогерга тазйиқ... Ёшлар Иттифоқига яхши имижмейкер керак. Хайрли ишлари сояда қолиб кетяпти».

Чиндан ҳам, ҳижоб, соқол, поездларда «катайса», тўй кортежи – бир йилга кўплик қилди. Мадда бойлаб келаётган яра ёрилди: ичидан жуда кўп нарсалар чиқяпти.

Нега иттифоқчиларни кўпчилик ёмон кўради? Ахир ҳаракат қилишяпти, ишлашяпти-ку?

Мен аниқлаган сабаблар бир нечта.
1. Етакчилар
Ўтган йили Ёшлар Иттифоқининг матбуот котибини кўрдим: анча ақлли қиз экан, ташкилотда қилинаётган ишларни батафсил ёритди, кўпчиликни ишонтирди, одамларнинг фикрини ўзгартира олди. Орадан бир кун ўтиб эса блогер Санжар Саидга нисбатан қайсидир бир иттифоқчининг тазйиқи можароси чиқди ва матбуот котибининг барча саъй-ҳаракатлари ювилиб кетди. Бундай ҳоллар такрор-такрор рўй бераверди: Иттифоқ ёш ижодкорларни рағбатлантириб, эндигина илиқ таассуротлар уйғота бошлаганда, етакчилардан бири дарсни бузди; жойларга бориб, халқнинг дуосини оляпти деган хабарлар келаётганда – «тўй кортежи» можароси чиқди. Хуллас, замонавий ёшлар ташкилоти имижига нуқул етакчилар хол қўявердилар.

Кеча «Kun.uz»га берилган интервью эса вазиятни янада ўткирлаштирди ва ойдинлаштирди ҳам. Қаҳрамон Қуронбоев шундай имкониятдан фойдалана олмади ва яна ўзига нисбатан салбий «комментлар кўчкиси» остида қолди. Омма конкрет ҳодиса ҳақида конкрет изоҳ кутганди, лекин 15 дақиқа давомида қолип жумлалардан иборат навбатдаги пиар нутқини тинглашга мажбур бўлди.