Ўзбекистон Республикаси президенти “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Ҳужжат билан қуйидагилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш институтини янада ислоҳ қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

биринчи – ваколатли органларда туғилиш, ўлим, никоҳ тузиш ва никоҳдан ажралиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби воқеа ҳамда фактларни кенг қамровли қайд этиш йўли билан фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш;

иккинчи – энг муҳим юридик фактларни қайд этмасдан қолдириш оқибатларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ва жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш;

учинчи – ФҲДЁ органларининг оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оила ажралишларининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларда фаол иштирок этиш;

тўртинчи – ФҲДЁ органлари фаолиятида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини енгиллаштиришга, жумладан, ваколатли давлат органлари ва ташкилотларига бормасдан хизматлар кўрсатилишига, хизматларнинг сифати ва тезкорлигини оширишга, экстерриториаллик принципи асосида архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи фуқаролик ҳолати ягона электрон архивини шакллантиришга қаратилган инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш;

бешинчи – фуқаролик ҳолати юридик фактларини аниқлаш ва уларни ўз вақтида қайд этиш борасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишни амалга оширувчи органлар маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, васийлик ва ҳомийлик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиш;

олтинчи – мазкур соҳада бюрократия ва коррупция юзага келишининг олдини олишга қаратилган идоралараро электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали, жумладан, олис жойлардаги аҳоли пунктларига чиққан ҳолда (“мобиль давлат хизматлари”) давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул ва қулай услубларини ишлатиш;

еттинчи – ФҲДЁ органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида қулайликни ва шаффофликни таъминлаш, ходимлар томонидан касб этикаси қоидалари ва функционал вазифаларга амал қилиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини сифатли ва тезкор қайд этиш, давлат божи ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ва ундирилиши устидан назоратнинг янги шаклларини, жумладан, масофавий назоратни жорий этиш;