Тошкент шаҳри ҳудудида чиқиндиларни кўчага олиб чиқиб ташлаган ва автомобилларини тақиқланган жойларга қўйган кишиларга нисбатан катта миқдордаги жарима киритиш таклиф қилинди. KUN.UZ мухбири Халқаро Пресс-клубнинг пойтахтни ривожлантиришга доир сессияси давомида Тошкент шаҳар ҳокими, Жамоатчилик кенгаши раиси, Халқаро Пресс-клуб бошловчиси ва "Махсустранс" вакили томонидан билдирилган фикрларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

"Махсустранс" вакили берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳридан йиғиладиган чиқиндилар 1 йилда 600 минг тоннани ташкил қилса, шундан 75 фоизи - аҳолидан, 25 фоизи ташкилот ва корхоналардан чиқаётган чиқиндилардир.

"Бугунга кунда Осиё тараққиёт банки 69 миллион доллар пул ажратган. Биринчи тендерларни ўтказиб, контейнерлар олиб келдик. Иккинчисида 182 та чиқиндилар ташувчи автомобиллар харид қилдик. Буларни олиб келиб шаҳарни тозалаймиз, лекин бу ерда катта муаммо бор. Масалан, шоҳ кўчалар юзида жойлашган хонадонларга ҳафтада икки марта чиқинди йиғувчи машина боради. Бироқ минг афсуски, ҳар куни битта бўлса-да пакет кўчага олиб чиқиб қўйишади. Ишчиларимиз йиғиб кетишади, кетидан яна бошқа пакетлар олиб чиқиб қўйилаверади", - дейди мутахассис.

Халқаро Пресс-клуб бошловчиси Шерзодхон Қудратхўжаев жойларда тез-тез учрайдиган бундай ҳолатларга нисбатан ўз фикрини билдирди:

"Одамлар баъзан пул тўлаб, спорт билан шуғулланади. Эрталаб туриб югуради, машқлар бажаради. Ҳозир биз билдикки, жамиятда инсон қанча кўп пиёда юрса, шунча ўзига фойда экан. Шундай экан, одамларнинг халталарга солинган чиқиндиларни ножоиз жойларга ташлаб кетишларини кўриб ҳайрон қоласан киши. Ҳар бир даҳада, махсус ҳудудларда озода қилиб қўйилган чиқиндихоналар мавжуд. Одамлар чиқиндиларини шу ергача олиб боришлари учун қандай йўл тутиш керак экан?"

Бу саволга жавобан аҳолининг экологик онгини ўзгартириш кераклиги таъкидланди. Шу ўринда Германия, Япония ва Жанубий Корея каби давлатлар тажрибаси тилга олинди. Маълум бўлишича, бу мамлакатларда чиқиндиларни ўз жойига ташлаш кераклиги болалар боғчасидан бошлаб ўргатилар экан. Масалан, Германияда болаларга уч хил рангли қути қўйиб, қайси бирига нима ташлаш кераклиги ўргатилади.

"Биз бугун болаларга юксак материялар ҳақида гапирамиз, лекин оддий нарсалар ўргатилмайди. Бироқ Япония ва Корея Республикаси боғчаларида мана шу оддий, лекин ҳаётий билимлар ўргатилади", - дейди Қудратхўжаев.