11:52 / 14.06.2018
18312

Ўзбекистонда мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тикланиши мумкин

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида « Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва фаол жамоатчилиги учун бериладиган олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Белгиланишича: 

олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлари ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади;

олтин медалга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий баллига 50 фоиз, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30 фоизи миқдорида балл қўшиб берилади;

олтин ва кумуш медалларга эга бўлган ўқувчиларга бериладиган имтиёз бир йилгача амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин 
ва кумуш медалларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уларни ҳисобдан чиқаришни мувофиқлаштиришни;

умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларнинг ўқувчиларга холислик ва одиллик тамойилларига амал қилган ҳолда топширилишини таъминлайди.

“Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буюртмасига асосан ҳар йили умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган олтин ва кумуш медалларни тайёрлайди.

Top