10:21 / 18.06.2018
2941

Ўзбекистон - Молдова ҳукуматлараро комиссияси мажлиси ўтказилиши мумкин

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Кишинёв шаҳрида бўлиб ўтган ТИВ раҳбарлари ўринбосарлари даражасидаги Ўзбекистон-Молдова сиёсий маслаҳатлашувларида иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Молдова Республикаси Ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазирлиги давлат котиби Татьяна Молчан бошчилигидаги Молдова делегацияси билан биргаликда икки томонлама муносабатлар, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорлик каби йўналишлардаги алоқаларнинг муҳим масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида сўнгги йилларда асосан БМТ Бош Ассамблеяси кун тартиби билан чекланиб қолган Ўзбекистон ва Молдова ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасидаги кооперация ҳамда икки давлат таълим муассасалари ўртасидаги академик алмашинувни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Учрашувда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон-Молдова Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш масаласи кўтарилди. Ушбу шаклдаги сўнгги учрашув 16 йил олдин Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.

Ўзбекистон ва Молдова ташқи сиёсат идоралари делегациялари томонларни қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Шу куннинг ўзида Кишинёв шаҳрида Ўзбекистон ва Молдова ТИВ вакилларининг алоҳида учрашуви бўлиб ўтди. Икки томонлама алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси инвентаризация қилинди, яқин истиқболда келишиш ва имзоланиши мумкин бўлган Ўзбекистон-Молдова ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ТИВ делегацияси Молдова Иқтисодиёт ва инфратузилма вазирлиги давлат котиби Юлиана Дрегелин, Қишлоқ хўжалиги, минтақавий ривожланиш ва атроф-муҳит вазирлиги давлат котиби Василеу Лука билан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон ва Молдова ўртасида турли шаклларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда икки томонлама алоқаларни аниқ амалий мазмун билан бойитишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида Молдова Ташқи ишлар ва Европа билан интеграция вазири Тудор Уляновск билан қисқача суҳбат бўлиб ўтди.

Top