Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

1-иловада:

а) 1-банд иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Ушбу Низом ҳарбий таълим муассасаларига ва Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларига татбиқ этилмайди.”;

б) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“3. Олий таълим муассасаларининг кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шаклларига талабаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон) натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган тўлов-контракт асосида қабул квоталари доирасида ҳамда қабул квоталаридан ташқари абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Танлов ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича таълим йўналишлари, ўқитиш тиллари ва шаклларига кўра алоҳида ўтказилади. Айрим йўналишлар бўйича ҳудудлар кесимида мақсадли қабул квоталари тасдиқланган тақдирда, танлов ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказилади. Мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади.

Тест синовларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда Давлат тест маркази деб аталади) томонидан амалга оширилади.