Газета таҳририятида отишма содир этган кишининг кимлиги маълум
АҚШ полицияси Мэриленд штатида Capital Gazette газетаси таҳририятида отишма содир этган эркакнинг шахсини ўрнатди. Бу ҳақда газетага эгалик қилувчи The Baltimore Sun нашри маълум қилди.
Аввалроқ газета таҳририятида отишма содир бўлиб, 5 киши ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши яралангани маълум қилинганди.
Гумонланувчининг исми Жеррод Уоррен Рамос бўлиб, у 2012 йилда туҳмат учун газета устидан судга даъво аризаси топширган, бироқ унинг аризаси қондирилмаган.
Capital Gazette’да маълум қилинишича, 38 ёшли Рамоснинг исми нашрнинг 2011 йил июль сонидаги мақолада ёдга олинган. Мақолада Рамос собиқ синфдошига тегажоғлик қилгани билан боғлиқ воқеа ҳақида сўзланган. Аёл Рамос устидан полицияга шикоят қилгач, у тегажоғлик қилишни тўхтатган, бироқ бир неча ой ўтиб яна эски қилиғини қайтара бошлаган. Натижада эркак судланиб, аёлга таҳдид қилганини тан олган ва 3 ойга шартли қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Рамос мақола юзасидан газетани судга берган, бироқ судда ютқазиб қўйган. Кейинчалик унинг твиттердаги саҳифасида газета ҳақида юзлаб салбий ёзувлар пайдо бўлган. 2012 йилгача газета ходимларидан бири бўлган Том Маркуардтнинг маълум қилишича, Рамос бир неча йил давомида газета ходимларини таъқиб қилиб юрган. Шу сабабли газета ходимлари Рамосдан хавфсираб юришган.
Твиттерда Рамосга тегишли эканлиги тахмин қилинаётган саҳифада фойдаланувчи сурати сифатида у ҳақда мақолани чоп этган журналист сурати турган. Газетада таъкидланишича, Рамос саҳифасида 2015 йилда Париждаги “Шарли Эбдо” газетаси таҳририятида юз берган отишма ҳақида эслатма бўлган. Саҳифа 2016 йилдан бери янгиланмаган, бироқ отишма содир этилган 28 июнда унда сўкиниш ва “Мени тинч қўйинг” деган ёзув пайдо бўлган.
Полицияда таъкидланишича, босқинчи айнан журналистларни нишонга олган.
Бундан ташқари, гумонланувчи ўз шахси ўрнатилишини қийинлаштириш мақсадида бармоқларига атайлаб шикаст етказган, яъни улардаги терини кўчириб олган. Бироқ полиция юзни аниқлаш компьютер технологияси ёрдамида босқинчининг шахсини ўрнатишга муваффақ бўлган.
Capital Gazette нашри таҳририяти унча катта бўлмаган, унда 7 нафар муҳаррир, 8 нафар мухбир ва 3 нафар юқори бўғин ходими ишлаган.