Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида бир қатор қонунлар маъқулланди. Сенат томонидан маъқулланган қонунлардан бири бу “Медиация тўғрисида”ги қонундир, деб ёзмоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Савол туғилади: медиация ўзи нима?
Келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадидаги ихтиёрий розилиги асосида учинчи шахс кўмагида ҳал қилиш усули медиация ҳисобланади.
Қонуннинг мақсади ҳам Ўзбекистонда низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимига тушадиган иш ҳажмини камайтиришдан иборат.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
• фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга;
• якка меҳнат низоларига;
• оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг амал қилиши медиацияда иштирок этмаётган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат манфаатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонун 4 та боб ва 34 та моддадан иборат.
Қонунда медиация, медиатор, медиатив келишув, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув, медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув каби асосий тушунчалар очиб берилган.
Қонунга мувофиқ медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилиши назарда тутилган.
Қонунда белгиланишича жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин. Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.
Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.
Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.















