Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси, “Давергеодезкадастр” қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги анор етиштирувчи ташкилотларнинг Фарғона вилоятида анор кўчатларини етиштиришни янада ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида "Анор етиштирувчилар" уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Белгиланишича, “Фарғона анорчилик” ва “Миндонобод агросаноат” агрофирмалари, “Фарғонаазот” АЖ, “Мастона” АЖ, "Агро сифат логистика" МЧЖ,"Агро сервис азия" МЧЖ ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, анор экспорти билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар Уюшма муассислари ҳисобланади;
ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар шартнома асосида Уюшмага мустақил аъзо бўлишлари мумкин ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
анорчилик соҳасини ривожлантириш, ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш ва ушбу фаолият билан шуғулланувчи хусусий сектор вакилларига кўмаклашиш;
соҳани комплекс ривожлантиришда иштирок этиш, илмий-техникавий, технологик, инвестицион, қайта ишлаш ва экспорт сиёсатини амалга ошириш;
ер майдонлардан самарали фойдаланиш, интенсив ресурстежамкор технологияларни қўллаган ҳолда анорзорларни барпо этиш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, уни қайта ишлаш ва экспортини амалга ошириш ишларини босқичма-босқич ошириб бориш;
анор етиштириш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб қилиш, уларнинг тажрибаларини ўрганиш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий қилиш;
сифатли экспортбоп анор кўчатларини кўпайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларига кўчатларни тизимли етказиб бериш, касаллик ва зараркунандаларига қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш ишларини ташкил этиш;
анор етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспортга етказиб бериш жараёнларини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

















