Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларини давлат томонидан бошқаришнинг самарали тизимини яратиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида сўнгги йилда қабул қилинган қатъий чора-тадбирлар натижасида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш ишларини ташкил этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатли давлат органларининг фаолияти айниқса жойларда ҳамон паст даражада қолмоқда.
Шунингдек, давлат мактабгача таълим муассасалари инфратузилмаси ва моддий-техника базасининг ҳолати замон талабларига тўлиқ даражада мос келмайди ва мамлакат аҳолисининг ўсиб боришини эътиборга олганда болаларнинг мактабгача таълим билан зарур даражада қамраб олинишини таъминлаш имконини бермайди.
Сўнгги 20 йил давомида давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасалари сони 45 фоизга камайган. Бунинг оқибатида мактабгача ёшдаги 2 523 000 боладан 830 000 нафари ёки 33 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган, холос.

Жумладан, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи Сурхондарёда - 13 фоизни, Жиззахда - 23,2 фоизни, Қашқадарёда - 23,3 фоизни, Самарқандда 24,7 фоизни ташкил этиб, республика кўрсаткичидан ҳам паст.
Ваҳоланки, ривожланган мамлакатларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси Данияда - 99 фоиз, Японияда - 97 фоиз, Жанубий Кореяда - 95 фоиз, Россияда - 78 фоизни ташкил этади.
2017 – 2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича дастур тасдиқланди, унинг доирасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тизимли ташкиллаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш борасидаги ишлар бошлаб юборилди.

2017 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 302 та мактабгача таълим объектида 245 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди
















