Жаҳон | 14:39 / 03.07.2018
7262
2 дақиқада ўқилади

Парижлик болакайнинг халоскори ўт ўчирувчи сифатида иш бошлади

Май ойи охирида Парижда кичик болакайни юқори қаватдан қулашдан сақлаб қолган малилик мигрант Мамуду Гассама ўт ўчирувчи бўлиб ишлашга доир шартномани имзолади. Parisien газетаси сешанба куни шу ҳақида хабар берди.

Воқеа май ойи охирида рўй берганди. Тўрт ёшли бола балкон тўсиғида осилиб қолганини кўрган Гассама саноқли сониялар ичида уйнинг бешинчи қаватига кўтарилиб, боланинг ҳаётини сақлаб қолди. Кўчадан кетаётиб воқеанинг устидан чиққан гувоҳлардан бири буни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган ва миллионлаб фойдаланувчилар уни томоша қилишган.

Бу қаҳрамонлик ҳақидаги хабар кенг оммага тарқалди, ҳатто Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам йигитни қабул қилди. Ҳукумат вакиллари Гассам ҳужжатлар билан боғлиқ муаммоларини имкон қадар тезроқ тартибга солиб, мамлакат фуқаролигини олишига ёрдам қилишга ваъда беришди.

Манбага кўра, Гассама 28 июнь куни ўт ўчирувчи бўлиб ишга жойлашишга доир шартномани имзолаган. У куздан бошлаб хизматга киришади, унга қадар эса дам олиш учун таътилга чиқади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид