Бельгия терма жамоаси Россиядаги жаҳон чемпионатида жуда ёрқин ўйин намойиш этмоқда ва ғолиблик учун энг асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Ушбу терма жамоанинг етакчиси ҳақида гап борганда, кўпчилик сардор Эден Азарни ёки Англиянинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири Кевин де Брюйнени тилга олади. Аммо агар эътибор бераётган бўлсангиз, футболчиларни илҳомлантириш, таъсирли сўзлар билан олға бошлаш кўпроқ Ромелу Лукаку томонидан амалга оширилаётганини кўрасиз. Танаффус пайтида ҳам, ечиниш хонасида ҳам шериклари айнан Ромелунинг оташин нутқларини тинглашмоқда.

Тунисга қарши ўйин олдидан. Gettyimages.ru/Julian Finney

Хўш, Ромелу уларга нималарни айтиши мумкин? Бу қоронғу. Лекин унинг машҳур ThePlayersTribune порталидаги ҳикоясини ўқисангиз, кўп нарсага амин бўласиз. Бу материални эътиборсиз қолдира олмадик.

Мен ўша кунни жуда яхши эслайман. Ҳозир ҳам ўша, музлатгич олдида турган онамнинг синиқ юзини кўз олдимга келтира оламан.

Олти ёш эдим чамаси. Ҳар доимгидек, тушлик қилиб олгани мактабдан уйга чопдим. Меню ҳар доим бир хил бўларди – нон ва сут. Болаликда бунга эътибор бермайсан, лекин кейинчалик ўйлашимча, бизнинг фақат шунга қурбимиз етарди. Бу сафар ҳам қўлида сут коробкасини ушлаб олган онамни кўрдим. У бу сафар сутга ниманидир аралаштирарди. Нима эди бу, биласанми? Ҳеч нарсани тушунмаётгандим, у сутни олдимга келтирди ва худди ажойиб ихтирони амалга оширгандек жилмайди. У сутга сув аралаштирганди. Энди биз янада камбағаллашган, ҳар ҳафта сут ичиш учун пулимиз етмасди.

Отам профессионал футболчи бўлган, аммо у ўз фаолиятини тугатгач, пулимиз қолмади. Энг аввало, кабел телевидениемизни узиб кетишди – энди футбол йўқ. Энди футбол томоша қила олмасдик, тамом. Бир куни уйга келсам, газни ҳам узишибди, ҳафтада икки-уч марта электр токисиз қоладиган бўлдик. Ваннада чўмилмоқчи бўлсам, энди иссиқ сув ҳам муаммо эди. Онам кичик идишда сув иситар, мен ваннада турволиб, оддий чашкада бошимдан сув қуйиб ювинардим.

Биз ўша кунгача курашиб келдик. Аммо онам сутга сув аралаштираётганини кўрганимда, ҳаммаси тамом бўлгандек туюлди. Шу бизнинг ҳаётимиз эди.

Индамай тушлик қилдим. Онамнинг яна бу ҳақида сўз очишини истамадим. Аммо Худо ҳаққи, айнан ўша куни ўзимга ўзим сўз бергандим, гўёки нимадир мени уйқудан уйғотгандек – энди нима қилишни ва нима қилмоқчи бўлаётганимни аниқ билиб турардим. Мен онамнинг бундай яшашига қараб тура олмайман. Йўқ, йўқ, йўқ. Бу мен учун оғир.

«Ойи, ҳаммаси бошқача бўлади. Кўрасан. Мен «Андерлеҳт»да ўйнайман. Шу кун албатта келади. Биз яхши яшаймиз. Хавотир олма!»