Тожикистоннинг Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳрида 6-7 июль кунлари Сўғд 2018 — V Халқаро савдо ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Хўжанддаги спорт саройида ташкиллаштирилган халқаро тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлар экан, Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода барча иштирокчиларга омад тилаб, бундай халқаро тадбирлар давлатлараро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Ўтган йили илк бор ўзбекистонлик ишбилармонлар 32 та корхона билан мазкур ярмаркада иштирок этган бўлса, бу йил Тожикистонда ўз маҳсулотларини намойиш этишни истаган корхоналар сони 40 дан ошди.

Ўзбекистонлик ишбилармонлар, айниқса, турли техника, текстил, озиқ-овқат, саноат моллари, маиший кимё, полиграфия маҳсулотлари билан иштирок этди.

— Бизнинг мини фабрикамиз 100 ишчи қувватига эга. Кунига 700-800 дона болалар кийим кечаги ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз 100 фоиз соф пахтадан тайёрланади. Чиқараётган маҳсулотларимизни Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга эскпорт қилиб келмоқдамиз. Энди ўзимиз учун Тожикистон бозорини очошга қарор қилдик, — дейди «Mini Max Elegant» МЧЖ бош менежери Аброр Баҳодирхўжаев.

Ўзбекистонлик ишбилармонларнинг стендлари харидорлар билан гавжум бўлди.

Масалан, электр трансформаторлар ва электротехника ускуналар ишлаб чиқарувчи «ELSTAN» МЧЖнинг стенди Сўғд вилояти раиси Р.Аҳмадзодада ҳам катта қизиқиш уйғотиб, бундай замонавий трансформаторларни Сўғд вилоятида ҳам йиғишни йўлга қўйиш ҳақида битим имзоланди.