Қирғизистонлик энг яхши ошпазлардан бири Шуҳрат Шарипов қачонлардир вокзал ёнида жойлашган мўъжаз қаҳвахонада сомса пиширган. Кейинчалик, Қирғизистондаги хўрандаларга хорижий валютада хизмат кўрсатувчи ресторанда ишлади. Бироз ўтиб, президентларга таом тайёрлади. 

Фото: Sputnik

Айни пайтда Шарипов Қирғизистон Республикаси ошпазлар ассоциацияси раиси, Қозоғистон, Сербия, Покистон ошпазлар ассоциациялари фахрий аъзоси ҳисобланади. У билан бўлган суҳбатни ўзбек тилида тақдим этамиз.

— Менимча, сиз ёшлигингиздан овқат тайёрлайсиз. Шундайми?

— Ҳа, учинчи синфдан бери. Бир кун ота-онам уйда йўқ эди, тасодифан кекс пишириш усули ва масаллиқ ҳақида ёзилган журнал қўлимга тушиб қолди. Онамнинг айтишича, мен пиширган кекс унчалик ёмон эмасди. 

—Сиз ўқишда курсдошларингизга қараганда анча билағон бўлгандирсиз?

—Йўқ. Ҳозир ярим йилда ҳам турли курсларда ошпазларни тайёрлаб қўйишяпти. Биз техникумда таълим олган пайт ўқишга жиддий эътибор қаратилган: микробиолигия, кимё каби предметларни ҳам ўргатишган. Бу фанлар билан аълочи бўлиб кетмайсан (кулади).

— Ўқишдан сўнг, ишни осон топганмисиз?

— Ўшанда 1995 йил эди, иш умуман йўқ. Мен тунги ресторанларнинг биридан зўрға иш топганимда онам рухсат бермаган. Хавфли эди, 90-йилларнинг кайфияти... Шундай қилиб, тоғам билан вокзал олдидаги қаҳвахонада сомса пиширишни бошладим. Эрталабдан тунга қадар сомса, манти, лағмон, нон пиширардим. 

Фото: Sputnik

Тамадди қилиб олиш учун, сафарга отланган йўловчилар кўп кириб туришарди. Одамларга лиқ тўлган автобус вокзалга кириб келиши билан қозонда ҳеч нима қолмасди.

—Ҳозир кўпчилик бундай тамаддихоналардан қочади. У ерда фойдаланилаётган гўштнинг сифатига шубҳа бор. 

—Балки, бироқ, у пайтда қатъий белгиланган нормага амал қилишимиз шарт бўлган. Озроқ вақт ўтиб, кишилар пулнинг ортидан қувиб, сифатни унутди. Хитой, Ҳиндистондан импорт қилинаётган шубҳали музлатилган гўштлар пайдо бўлди. 

—Тамаддихонадан сўнг нима бўлди?

—Бир куни эълонларда янги очилган итальян ресторанида ошпаз ёрдамчиси вакант эканига кўзим тушиб қолди. Мен барча талабларга жавоб берардим, суҳбатдан ўтдим.