Mazda’нинг Хиросима ва Окаяма префектурасидаги заводлари ҳамда автомобилларга деталлар етказиб берувчи заводи тошқинлар сабабли 7 июлдан тўхтатилган. Компания заводлар ушбу ҳафтанинг иккинчи ярмидан кейин ишга туширилишига умид қилмоқда.

Mitsubishi’нинг тошқиндан кучли жабр кўрган Курасики шаҳридаги (Окаяма префектураси) заводи ҳам ишчилар иш жойларига етиб бора олмаётганлари сабабли тўхтатилган. Компания завод 12 июлдан кейин ишга тушишига умид қилмоқда.

Ўтган ҳафта охиридан Япониянинг марказий ва жануби-ғарбий қисмларида кучли ёмғирлар бошланган, бу тошқинлар ва кўчкиларга олиб келган. Баъзи жойларда қирғоқлардан чиққан дарёлар катта майдонларни сув остида қолдирган. Охирги маълумотларга кўра, табиий офатдан ҳалок бўлганлар сони 160га яқинлашиб қолган.