Ўзбекистон | 18:50 / 16.07.2018
80503
4 дақиқада ўқилади

«Каттақўрғон эффекти»: Вазир Самарқандда яна икки туман ИИБ бошлиғини ишдан олди

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганишда давом этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси​ хабар беришича, вилоятда яна иккита туман ИИБ бошлиқлари истеъфога чиқарилган.

«Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келгани учун Булунғур тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Содиқ Абдуҳакимович Абдуҳакимов ва Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Хайрулло Убайдуллаевич Абдуҳамидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент Девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳи тузилиб, улар томонидан вилоят ички ишлар органларининг жорий фаолияти мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга қанчалик мувофиқ ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари бошлаган.​

«Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Раззоқович Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи вилоятнинг Самарқанд, Булунғур, Жомбой, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи ва Иштихон туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида бўлиб, ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишда муносиб ҳисса қўшаётганлиги, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиши, шунингдек, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган нуқсон ва камчиликларнинг туб сабабларини атрофлича ўрганмоқда.​

Маълум қилинишича, Самарқанд туманида оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар тўлиқ ҳал этилмаганлиги сабабли оғир тан жароҳати етказиш, Каттақўрғон, Оқдарё туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида фуқароларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмаганлиги оқибатида ушбу ҳудудларда фирибгарлик, талончилик каби жиноятлар ошиб кетган.​

Шунингдек, вилоятнинг мутасадди давлат идоралари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар, «Маҳалла», «Нуроний» ва бошқа жамоатчилик институтлари билан узвий ҳамкорликни ўрнатишга лозим даражада эътибор қаратилмаганлиги сабабли жиноят содир этган вояга етмаганлар Жомбой ва Самарқанд туманларида, аёллар жиноятчилиги Каттақўрғон, Ургут ва Тайлоқ туманларида, илгари судланганлар жинояти Булунғур туманида ошиб кетган», дейилган ИИВ хабарида.​​

Бундан аввалроқ вазир ташрифи давомида Каттақўрғондаги ҳолат юзасидан 7 нафар ходим, жумладан шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров ва унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўжамқулов ички ишлар органлари хизматидан бўшатилгани маълум бўлганди.

Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими шу бўлим тезкор вакили — Санъат Умаров бир аёлни таҳқирлаб, уни қип-яланғоч қилиб ечинтираётгани акс этган видео тарқалиб кетгач, ёмон томондан танилган эди. Июнь ойи бошида юз берган воқеа орадан бир ой ўтгач, видеоролик интернетда тарқалди.

Воқеа жамоатчиликнинг кескин муносабатини келтириб чиқарганди. Санъат Умаровга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, унинг ўзи қамоққа олинган, шаҳар ИИБ раҳбариятига нисбатан эса хизмат текшируви бошланган эди.

Мавзуга оид