Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ректорлар порахўрликка қарши! Ўзбекистон тарихида илк бор олий таълим муассасалари раҳбарлари мурожаатнома йўллади
Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ректорлари абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига мурожаат йўллади. Мурожаат матни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати томонидан келтирилган.
Ректорлар мурожаатда таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, унга илғор инновацион ғояларни олиб кириш, ёшларнинг истеъдодларини намоён этишлари учун етарлича шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда порахўрлик ва тамагирликнинг олдини олишга ваъда беришган.
«Ҳар ишда ҳалол ва виждонан йўл тутиш, олий таълим муассасаларини ҳақиқий маънодаги маърифат ва ҳалоллик масканига айлантириш, шунингдек, бу йилги қабул жараёнларини шаффоф, адолатли ва ҳалол ўтказишга ваъда берамиз. Бугун ўзингиз учун касб танлаб, ўқишга киришга аҳд қилдингизми, ўз билимингизга, ақл-заковатингизга ва сизларга шу шароитларни яратиб берган Президент ишончига муносиб бўлинг ва муносиб иш қилинг. Кириш имтиҳонларига, тест синовларига пухта тайёргарлик кўриб, бу имтиҳонлардан ўз билимингиз билан ўтишга бел боғланг», - дейилади жумладан мурожаатда.
Шунингдек, мурожаатда «Коррупция тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли бандларига кўра пора берган ҳам, пора олган ҳам қонун олдида тенг жавобгар саналиши ва муқаррар жазога тортилиши эслатиб ўтилади.
«Фарзандингизга ёрдам бераман десангиз, ноўрин ва пинҳона хатти-ҳаракатларга йўл қўйманг! Бу йўлдаги ножўя қадам билингки, кун ўтиб бир кун болангиз келажаги учун қаттиқ зарба бўлиши мумкин. Бир ҳақиқатни унутманг! Пора билан ўқишга кирган инсон, бутун ҳаёти давомида шу пулни қайтариб ишлаб олиш ҳаракатида бўлади. У ўқитувчими ёки шифокор, масъул мутасаддими ёки оддий ишчи қатъи назар олдига келган ҳар бир инсонга «товар» сифатида қарайди ва ундан доимо тама қилади. Тама билан суғориладиган қалбда эса яхшилик уруғи унмайди. Тама ва пора занжирини қабул жараёнларидаёқ узайлик! Токи у бошқа ниш урмасин! Фарзандларимиз қўлида занжир бўлиб, уларни панжара ортига бошламасин!», дейилади ота-оналарга қарата.
Мавзуга оид
22:21 / 09.12.2025
Хитой молия компаниясининг собиқ раҳбари порахўрлик учун қатл этилди
13:37 / 18.05.2025
Ички ишларнинг икки ходими катта миқдорда пора билан ушланди
12:36 / 26.03.2025
Тошкент шаҳар ФВБ бошлиғи ўринбосари қамоққа олинди
19:45 / 05.11.2024