Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани марказидаги Увайсий кўчаси 128-уйда истиқомат қилувчи 75 ёшли Йўлдош Норматов аёли билан мана олти йилдирки ҳаммомда яшаб келмоқда. Кун сайин соғлиғига путур етиб, тез-тез аёли билан шифохонада муолажа оляпти, деб ёзади "Зарафшон" нашри.

Бу эса бугун туманда ҳеч кимни ташвишлантирмаяпти. Аксинча, кексаларнинг шу кўйга тушишига олти йил олдин туман ҳокимлиги ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳам "ёрдамлашиб" юборган эди. Нуронийларнинг тақдири бир пул бўлса, баъзан суд қарори билан ҳам уларни шу аҳволга тушириш мумкин экан.
Ҳаммаси 2010 йилда бошланган. Аслида Йўлдош отанинг бинойидай ҳовлиси, яшаш учун яхшигина шароитга эга уйи ҳам бор эди. Ўша йили уларнинг 126-уйда яшовчи қўшниси Саидқул Жабборов 124-уйни ҳам сотиб олгач, ҳе йўқ, бе йўқ умумий кўча устини ёпиб, дарвоза қуриб олади. Йўлдош Норматов яшайдиган уйнинг деразаси ана шу кўчага қараган эди. Худди шу кўчадан отахоннинг уйига газ тармоғи ҳам ўтганди. Ҳаммаси мутлақо ўзбошимчалик билан қурилган дарвозахона ичида қолиб кетади. Қирқ йил темирйўлда машинист бўлиб ишлаб, нафақага чиққан Й.Норматовнинг деразаси тагида энди ҳар тунда қўшнига тегишли дарвоза ва гараж шовқини уйқу бермайди. Эр-хотиннинг шифохонага тушиб қолгани қўшнининг "тўпиғига ҳам келмади".
Хуллас, Йўлдош ота мажбур бўлиб, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати ДУКга мурожаат этади. Шундан сўнг туман ҳокимлигига. Чунки қуёш тушмаётган хона нам тортиб, нураб, тўкила бошлади. Кўчани эгаллаб олган қўшни эса таъмирлашга ҳам қўймайди.
2010 йил 17 март куни кадастр хизмати ходимлари Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари иштирокида вазиятни жойида ўрганиб, С.Жабборов томонидан тор кўча тармоғида қурилган дарвозахонани ноқонуний, деб топади. Уни бузиш тўғрисида огоҳлантирилади. Жабборов шунчаки бузишдан бош тортади. Камига ҳали туман ҳокимлиги, ҳали бошқа идоралардан мадад сўраб, турли эшикка бош суқаётган Йўлдош отага "Хоҳлаган жойингга бормайсанми?", дея устидан кулади.

















