Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими қисқа муддатли чора-тадбирларга эмас, балки инсонларни тақдир тақозоси билан тушиб қолган қийин вазиятдан олиб чиқиш ва тинч-осуда ҳаётга қайтариш учун йўналтирилган бўлиши лозим. Smartgov Сonsulting директори Азиза Умарова Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя соҳасини ривожлантириш ва бу борадаги халқаро тажриба ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат органлари аҳоли билан қай даражада ишлаш кераклиги тўғрисида юқори мезонларни белгилаб берди. Бир йил давомида бу жараёнлар фақат қуруқ сўз бўлиб қолмасдан, балки амалда, ҳаётимизда рўй бериб, жамоатчиликнинг фикрлашини ўзгартирувчи жиддий катализаторга айланганининг гувоҳи бўлдик. Давлат органлари аҳолининг мурожаатларига тўғридан-тўғри жавоб беришга, оддий инсонларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилишга, юзма-юз мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Оммавий ахборот воситаларидаги кескин ўзгаришлар йиллаб ўз ечимини топмаган айрим эски муаммоларни қайта кўриб чиқишга ва ҳал этишга ёрдам бермоқда.

Охирги олти ой мобайнида жамият ҳаётида бўлиб ўтган ёрқин ҳодисалар жамоатчилик эътиборини бефарқ қолдирмади (менимча, бундай воқеалар аввал ҳам бўлган, бироқ улар тўғрисида оммавий ахборот воситалари энди ёза бошлади). Ҳаёт зарбалари бир неча аёлларни ўз жонига қасд қилишга ундади. Даҳшатлиси шуки, аёл нафақат ўз жонига қасд қилмоқда, балки ўзи билан бирга фарзандларининг умрига завол бўлмоқда. Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида она ўзига 3 ёшли ҳамда 7 ёшли фарзандларини боғлаб каналга сакраган. Берилган хабарлардан маълум бўлишича, у Даун синдроми бор фарзандини вояга етказган. Эҳтимол, жамиятда ногиронлиги бор инсонларга одамлар томонидан «бир қолипга солинган» қараши ҳамда профессионал ижтимоий хизматларнинг мавжуд эмаслиги сабабли (бу нарса чекка ҳудудлар-қишлоқларда яққол сезилади) она ҳаётнинг оғир зарбасини кўтара олмагандир?!..

Агар аввал ногиронлиги бор болаларни махсус интернатларга жойлаштириш нормал ҳолат бўлган бўлса, ҳозирда дунё миқёсида барча нарса инклюзив модель асосида ташкил қилинмоқда; яъни ногиронлиги бор болаларнинг ижтимоий ҳаётга мослаштириш ўз оиласида, оддий умумтаълим мактабларида, ёрдамчи педагог ёки махсус синфлар орқали инклюзив таълим бериш ёрдамида амалга оширилмоқда. Ногиронлиги бор болаларнинг ота-онасига махсус тайёргарликдан ўтган ижтимоий хизматлар, реабилитация марказлари, ота-оналарнинг бир-бирига кўмак бериш гуруҳлари ёрдам бермоқда. Агар юқорида келтириб ўтилган аёлнинг ҳаётида ҳам шундай муҳит бўлганида, бу воқеанинг ривожи бошқача бўлар эди.

 

БМТ тизимидаги 10 йиллик фаолиятим мобайнида Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан ҳамкорликда ногиронлик ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланишга тўғри келди. Ўша даврда меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқдик, «Мурувват» ва «Саховат» меҳрибонлик уй-интернатларига бордик, ижтимоий фаолиятни йўлга қўйиш ҳақида бош қотирдик, реабилитация индивидуал режасини татбиқ этиш тизимини, ногиронликни белгилаш ҳамда ҳуқуқий тасдиқланишини ўргандик, реалибитация масалалари (ногиронлик аравачалари, столчалари, эшитиш мосламалари ва бошқалар)ни кўриб чиқдик, мамлакатимизга оид ногиронлиги бор инсонларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилиш ва шу йўналишдаги яна бошқа кўп ишларни тайёрладик. Муаммоларнинг келиб чиқишнинг асосий сабабларидан бири - ягона тизим, статистика ва ҳисоб-китобнинг йўқлигида эканлиги маълум бўлди.