Жамият | 15:19 / 25.07.2018
35166
2 дақиқада ўқилади

Болалар серқатнов йўлдаги «зебра»ни бўр билан қайта тикламоқчи бўлишди — видео

Самарқанд шаҳридаги Мирзо Бедил кўчасида асфальтдан ўчиб кетган пиёдалар ўтиш жойи — «зебра»ни серқатнов йўлдан ўтишда қийналган маҳаллий болакайлар бўр ёрдамида қайта чизиб чиқишгани ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Фото: ижтимоий тармоқлардан

Мазкур кўчада қатнов жуда интенсив ва чорраҳани кесиб ўтувчи пиёдалар кўп.  Лекин пиёдалар ўтиш жойининг бўёқлари билинар-билинмас ҳолатга келган. Йўл белгиларидан бирининг металл устуни эса синиб ётибди.

Чорраҳада иккита бекат, унинг яқинида иккита мактаб, истироҳат боғи бор. Kun.uz мухбирлари ушбу чорраҳада 5 дақиқа бўлиб, бир кекса аёлнинг йўлни кесиб ўта олмасдан сарсон бўлгани (ниҳоят, юк машиналаридан бири тасвирга олаётганимизни кўриб қолиб йўл берди), пиёдаларга ҳаттоки ҳаваскорларга автомобиль ҳайдаш сирларини ўргатаётган автомактаб машиналари томонидан ҳам йўл берилмаганининг гувоҳи бўлдик. (Автомашина рақамлари — 30 904 TAA, 30 905 TAA).

Самарқандда автомобиль ҳайдашни ўргатишаётганда пиёдага йўл беришни ўргатишмас экан, шаҳарда ҳайдовчилик маданияти бундай даражага келиб қолганидан ҳайрон бўлмасак ҳам бўлаверади. Чунки бу нарса автомактабда ўргатилади, кўникма ҳосил қилинади.

Мазкур чорраҳани эса фақатгина светофор воситасида тартибга келтириб, бутун шаҳарда ноинсоф ҳайдовчиларни ЙПХ ходимлари томонидан бир неча кун давомида аёвсиз жаримага тортиб, ТВ каналлар, шаҳардаги LED экранларда ижтимоий роликлар жойлаштирибгина пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида жиддий силжишни амалга ошириш мумкин.

Самарқанд шаҳар маъмурияти, йўлсозлар, ЙҲХ хизмати ходимлари, автомактаб йўриқчилари шаҳарда пиёдалар хавфсизлигини оширишга жиддий эътибор қаратишармикан?!

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид