Ўзбекистон ва Беларусь тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш масалаларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлиги Иқтисодиёт ва маркетинг бошқармаси бошлиғи - Фармацевтика саноати департаменти директори ўринбосари Виктор Шеин маълум қилди, деб ёзмоқда БелТА.
Ўзбекистонда ҳозирги вақтда «Белфармпром» холдинги ва инфузион-трансфузион системалар, қон қуйиш учун асбоблар, зондлар, дренаж қурилмалари ва диализ учун бошқа тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Борисов тиббий препаратлар заводининг шўъба корхонаси - «Фребор» УК раҳбарияти қўшма корхона бўйича музокаралар олиб бормоқда.
«Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш шаклида қувватларнинг бир қисмини кўчиришни режалаштирмоқдамиз», - деди Виктор Шеин.
Унинг таъкидлашича, Беларусь томони бошқа мамлакатлар, масалан, Грузия ва Тожикистон бозорларида ҳам шундай схемада ишлашни режалаштирган.

















